Марказий Осиё ва Озарбайжон ёш етакчилари: қўшма ташаббуслар сари муҳим қадамлар
Олий Мажлис Сенатига «Марказий Осиё ва Озарбайжон ёш етакчилари» минтақавий дастури доирасида мамлакатимизда бўлиб турган хорижий давлатлар делегацияларининг вакиллари ҳамда фаол ёшлар етакчилари ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан кечган қизғин ва конструктив мулоқотда Марказий Осиёда шаклланаётган мутлақо янги сиёсий муҳит умумминтақавий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш, ишончли сиёсий мулоқотни қарор топтириш ва глобал ҳамда минтақавий муаммоларга биргаликда самарали ечим топишда беқиёс имкониятлар яратаётгани алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, «Янги Ўзбекистон ёшлари - 2030» стратегиясининг туб мазмун-моҳияти, маҳаллаларда ёшлар етакчилари институтининг ноёб тажрибаси ҳамда Ёшлар парламентларининг ўсиб келаётган авлод манфаатларини юқори минбарларда ифода этишдаги ўрни ва нуфузига тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётини модернизация қилишга қаратилган конституциявий ва парламент ислоҳотлари, Сенатнинг кенгайтирилган ваколатлари ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаол ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.
Минтақада ёшлар бандлигини изчил таъминлаш, замонавий тадбиркорликни ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект каби стратегик соҳаларда ўзаро тажриба алмашинувини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Зеро, бугунги шиддатли даврда ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларини юксалтириш, уларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рақамли тараққиётни жадаллаштириш давлатлар олдидаги энг устувор ва кечиктириб бўлмас вазифалардан.

Сенат Раиси ёш етакчилар келгусида мунтазам ва жонли мулоқотни йўлга қўйиш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда узоқ муддатли қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш орқали минтақавий ҳамкорлик пойдеворини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА