Ижтимоий давлат сари ўн йиллик одим, рақамлар ортидаги ҳақиқат
Сўнгги ўн йиллик Янги Ўзбекистон тарихига инсон қадрини улуғлаш ва халқни рози қилиш йўлидаги катта ўзгаришлар даври бўлиб кирди. Мамлакатда камбағалликка қарши кураш эълон қилиниб, манзилли ижтимоий ҳимоянинг мустаҳкам пойдевори яратилди. Таълим, соғлиқни сақлаш ва уй-жой сиёсатидаги туб ислоҳотлар замирида эса асрларга татигулик машаққатли, аммо шарафли меҳнат мужассам. Бу саъй-ҳаракатларнинг бош ғояси ва олий мақсади, ҳеч бир юртдошимизни тақдир шиддатлари қаршисида ёлғиз қолдирмайдиган, меҳр ва адолат йўғрилган ҳақиқий “Ижтимоий давлат” тамойилини ҳаётимизнинг бош мезонига айлантиришдир.
Тан олиш керак, яқин ўтмишда жамиятимизнинг энг маҳзун воқелиги бўлган камбағаллик мавзуси узоқ йиллар давомида “ёпиқ эшиклар” ортида қолиб келди. Ваҳоланки, дардинг бўлатуриб, уни яшириш ривожланишни ортга сурувчи энг катта ғов эди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу сохта бюрократик қолипни парчалаб, илк кунларданоқ ижтимоий оғриқларни очиқ тан олди ва унга қарши курашни умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарди.
Рақамларга боқсак, 2017 йилда халқимизнинг ўттиз беш фоизи камбағаллик чегарасида яшаётган, эскирган ёрдам механизмлари эса ҳақиқий муҳтожлар дардига малҳам бўлолмаётган эди. Ушбу тубсизликдан чиқиш мақсадида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби халқчил институционал тизим ҳаётга кирди. Маҳаллаларда фаолият бошлаган ҳоким ёрдамчилари ва ижтимоий ходимлар ислоҳотларнинг юрагига айланди, улар муаммоларни юқори идоралардан туриб эмас, балки оддий одамларнинг яшаш шароити ва тақдирини ич-ичидан ҳис қилган ҳолда ҳал этишнинг янги даврини бошлаб берди.
Тизимли ва изчил олиб борилган ижтимоий-иқтисодий стратегия ўзининг амалий меваларини берди. Тинимсиз меҳнат натижасида, 2017 йилдаги 35 фоизлик юқори кўрсаткич йиллар давомида кескин қисқариб борди. Хусусан, 2026 йил бошидаги 5,8 фоизлик кўрсаткич қисқа фурсатда 3,9 фоизга туширилди, эҳтиёжманд аҳоли сони эса 2 миллион 200 мингдан 1,5 миллион нафарга камайди. Маҳаллабай ишлаш тизими тўғри йўлга қўйилган 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла бугун ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд деган шарафли номга сазовор бўлди. Кўз ўнгимизда намоён бўлаётган бу рақамлар шунчаки оддий статистика эмас, балки миллионлаб ватандошларимиз ҳаётида содир бўлган ҳақиқий фаровонлик ва юксалишнинг яққол тасдиғидир.

Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Ушбу тузилманинг яратилиши ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги тарқоқликка барҳам бериб, ягона, шаффоф ва манзилли давлат сиёсатини юритиш имконини берди. Эндиликда давлат кўмагига муҳтож ҳар бир фуқаро бюрократик тўсиқларсиз ўз ҳимоясини ҳис қилиши учун мустаҳкам институционал пойдевор яратилди.
Бугунги кунда мазкур ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида республикамизнинг барча ҳудудларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари босқичма-босқич иш бошлади. Мазкур марказлар орқали аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тамойили асосида бевосита жойларнинг ўзида етказилмоқда. Биргина мисол, сўнгги уч йилда ижтимоий хизматлар сони 23 тадан 140 тага етди. Ҳар йили ўртача 4,6 миллионта, жумладан, маҳалла даражасида қарийб 2 миллионта ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. Бу эса ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг пойтахт ёки туман марказларига овора бўлиб боришининг олдини олиб, барча турдаги хизматларни аҳолининг ўзига яқинлаштирди.
Бугун “Инсон” марказлари орқали оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга ижтимоий-психологик кўмак кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахсларга протез-ортопедия буюмларини етказиш, кексалар ва ёлғиз фуқароларга парвариш хизматларини ташкил этиш ҳамда болаларни ҳимоя қилиш каби ўнлаб турдаги замонавий ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Буларнинг барчаси инсон қадри устувор бўлган Янги Ўзбекистонда ижтимоий адолат ва ғамхўрлик ҳеч бир фуқаро эътибордан четда қолмаслигини яққол намоён этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, инсон қадрини улуғлаш ва муносиб шароит яратиш ғоясини таълим ва тиббиёт соҳасидаги туб ислоҳотларсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Чунки сифатли таълим ва мустаҳкам соғлиқ ҳар бир фуқаронинг жамиятда ўз ўрнини топиши, салоҳиятини юзага чиқариши ва фаровон кун кечиришининг бош кафолати саналади.
Давлат томонидан ушбу икки устувор йўналишга ажратилаётган йирик маблағлар ва қаратилаётган юксак эътибор миллий генофондни асраш, инсон капиталини ривожлантириш ва мамлакатнинг эртанги истиқболига қўйилаётган энг ишончли пойдеворга айланди. Жумладан, сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистон таълим тизимини ривожланишнинг локомотивига айлантира олди. Агар 2016 йилда болаларнинг бор-йўғи 27 фоизи боғчага борган бўлса, қолган қисми тизимли тарбиядан четда қолаётган эди. Давлат-хусусий шериклик тизимининг жорий этилиши ҳамда тадбиркорлик субъектларига яратилган қулай шароитлар туфайли юртимизда минглаб янги мактабгача таълим ташкилотлари бунёд этилди. Бунинг самараси ўлароқ, болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси 78 фоизлик тарихий кўрсаткичдан ошиб улгурди.
Давлат сиёсатининг диққат марказида бўлган мактаб таълимида инфратузилма тубдан янгиланиб, 1,5 миллиондан зиёд янги ўқувчи ўрни яратилди. Энг муҳими, тизимда узоқ йиллар давом этган мажбурий меҳнатга барҳам берилиб, муаллимнинг жамиятдаги мавқеи тикланди. Илгари пахта далалари ва ички ишлардан ортмаган ўқитувчи ўз касбий фаолиятига қайтарилди, маошлари оширилди. Бугун синфхонага қадам қўяётган ҳар бир устоз ўз қадр-қиммати ва касбий шарафини тўла ҳис этмоқда.
Олий таълимдаги ислоҳотларни эса ёшлар ҳаётидаги бурилиш нуқтаси, дейиш мумкин. Негаки, 2016 йилга қадар ёшларнинг бор-йўғи 9 фоизи олий таълим олиш имкониятига эга эди, холос. Юз минглаб йигит-қизларнинг орзулари тор квоталар сабаб амалга ошмасди. Бугунги кунга келиб, ОТМлар сони 200 тадан ошди ва қамров даражаси 42-45 фоизга етказилди. Хотин-қизларнинг магистратурада бепул ўқиши бўйича жорий этилган тизим эса мамлакатда гендер тенгликни мустаҳкамлаш ва аёлларнинг илмий салоҳиятини оширишда туб бурилиш ясади.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам туб бурилишлар кузатилди. Тиббиётнинг асоси бўлган бирламчи бўғин, оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникалар фаолияти тубдан янгиланиб, тиббий хизмат аҳолига яқинлаштирилди. Кўрилган чоралар натижасида аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,4 ёшга кўтарилди. Айниқса, оналар ва болалар ўлимининг тўрт баробарга камайгани тиббиётдаги энг катта ютуқ бўлди. Бу рақамлар ортида минглаб сақлаб қолинган ҳаётлар мужассам. Шунингдек, илгари даволаниш учун пойтахтга ёки чет элга боришга мажбур бўлган беморлар эндиликда ўз вилоятларида юқори технологияли тиббий операциялардан фойдаланиш имкониятига эга.
Ижтимоий сиёсатнинг энг самарали йўналишларидан бири уй-жой таъминоти бўлди. Халқимизда “томи бутнинг — кўнгли бут”, деган ҳикмат бор. Кейинги йилларда ипотека кредитлаш тизимининг соддалаштирилгани ва эҳтиёжманд қатламга субсидиялар ажратилгани туфайли 650 мингдан зиёд оила янги уй-жой билан таъминланди. Ҳудудларда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари эса янгича шаҳарсозлик маданияти ва шинам инфратузилманинг амалий ифодасидир.
Энг муҳими, сўнгги ўн йиллик фақатгина қурилишлар, бинолар ёки рақамлар ўсишидан иборат эмас, бу одамларнинг онги ўзгаргани, жамиятда дахлдорлик ҳисси уйғонгани, давлат ва халқ ўртасида мустаҳкам кўприк қурилгани билан янада аҳамиятлидир.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида охирги ўн йилликда мамлакатимизда амалга оширилган шиддатли ва туб ислоҳотларнинг амалий натижаси ўлароқ, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий очиқлиги, ижтимоий ҳимоянинг кучайгани ва энг асосийси, “Инсон қадри учун” ғояси ҳаётга тўлақонли татбиқ этилганини яққол кўрсатди. Бугун жамиятимизда қарор топган ижтимоий адолат ва халқчил сиёсат эртанги кунимизнинг янада фаровон, юртимизнинг эса буюк келажак сари ишончли қадам ташлашини кафолатлайди.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат,
соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА