Маҳорат дарслари ташкил этилди (+видео)
Паритет принципи асосида маҳорат дарсларини ўтказишнинг намунавий режа-жадвалига мувофиқ, Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари учун амалий аҳамиятга эга маҳорат дарслари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 26-августдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-302-сон қарорида кадрлар тайёрлашда соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда олий таълим тизимида ҳамкорликни кучайтириш мақсадида муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг олий таълим муассасалари ва Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари ўртасида паритет тартибида ўзаро маҳорат дарсларини ўтказиш йўлга қўйилди. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этиш мақсадида, паритет принципи асосида маҳорат дарсларини ўтказишнинг намунавий режа-жадвалига мувофиқ, Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари учун амалий аҳамиятга эга маҳорат дарслари ташкил этилди.
Мазкур маҳорат дарсларида "Жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик”, "Ижтимоий профилактика объектларини ижтимоий мослаштириш дастурига қўйиладиган минимал талаблар ва манзилли чора-тадбирларни белгилаш амалиёти” мавзуларида машғулотлар олиб борилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бу каби маҳорат дарслари нафақат курсантларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва қонунчиликдаги янгиликларни амалиётга татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантиришга, балки турдош олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Очиқ мулоқот, савол-жавоб ва ўзаро тажриба алмашиш руҳида ўтган ушбу машғулотлар келгусида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида замонавий фикрлайдиган, етук ва профессионал кадрларни етиштириб чиқаришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
М.Турдалиева,
Н.Абдувоитов (ЎзА)