Кузги тушкунликни енгишда табиий неъматлар ва кун тартибининг ўрни қандай?
Куз келиши билан бозорларимизда табиий неъматлар тури янада кўпаяди. Бугунги ана шу маҳсулотлардан бири саналган ошқовоқнинг фойдаси ҳақида қисқача тўхталамиз.
Кун қисқариб, қуёш нури камайган, кайфият тез-тез ўзгариб турадиган мавсумда тўғри овқатланиш ва кундалик одатлар руҳий саломатликка бевосита таъсир кўрсатади.
Тошкент давлат тиббиёт университети Ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, психотерапевт ва тиббий психолог Расулбек Полванов ана шу мавзуда муҳим маълумотларни тақдим этди:
— Куз фаслида қабулимга келганларда «ҳолсизман», «уйқум бузилди», «ҳеч нарсага хоҳиш йўқ», «ширинликка ружу қўйдим» деган шикоятлар кўпаяди. Бу ҳолатларнинг бир қисми мавсумий кайфият ўзгариши билан боғлиқ бўлса, айримлари депрессив ёки хавотирли бузилишнинг белгиси бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам кун тартиби, уйқу, жисмоний фаоллик ва овқатланиш руҳий саломатлик ва психотерапия самарадорлигининг ажралмас асосидир.
Сўнгги ўн йилда «нутрицион психиатрия» йўналиши фаол ривожланмоқда. Тадқиқотлар сабзавот, мева, дуккаклилар ва ёнғоқларга бой мувозанатли рацион депрессия белгиларини енгиллаштиришда асосий даволашга фойдали қўшимча бўлишини кўрсатмоқда. Ошқовоқ ана шундай рационнинг ҳамёнбоп ва ҳаммабоп қисми саналади.
Унинг таркиби қарийб 90 фоиз сувдан иборат бўлиб, 100 граммида навига қараб 20–40 ккал энергия бор. Шу билан бирга, ошқовоқ организмда А витаминига айланадиган бета-каротинга ниҳоятда бой. Таркибидаги В гуруҳи, шунингдек, С ва Е витаминлари, калий, магний ҳамда клетчатка кўз, тери, юрак-қон томир тизими ва иммунитет учун муҳим. Ошқовоқ уруғи эса рух, магний, тўйинмаган ёғ кислоталари ва триптофан манбаидир.
Кузги кайфият тушишининг асосий сабабларидан бири ёруғлик камайишидир. Қуёш нури организмнинг биологик соатини бошқаради. Кун қисқарганда уйқу-уйғоқлик ритми силжийди. Кундузи уйқучанлик, кечқурун эса уйқусизлик кузатилади. Баъзи одамларда бу ҳолат мавсумий аффектив бузилиш даражасигача етади. Шу боис беморларимга асосий кўмак билан бирга кундалик ҳаётда амал қилиш учун оддий, аммо самарали тавсиялар бераман. Эрталаб очиқ ҳавода 20–30 дақиқа пиёда юриш, кун тартибига риоя қилиш, ҳар куни бир вақтда ухлаб, бир вақтда уйғониш ҳамда кечқурун экран олдида узоқ ўтирмаслик керак.
Кўпчилик стресс, зерикиш ёки ёлғизлик пайтида очликдан эмас, ҳиссиётни «босиш» учун овқатланади ва одатда ширин ёки ёғли таомларни танлайди. Когнитив хулқ-атвор терапиясида бундай вазиятда аввало ўзига «Мен ростдан ҳам очманми ёки безовтаманми?» деб савол бериш ўргатилади. Иккинчи муҳим қадам — «онгли овқатланиш», яъни таомни шошилмай, унинг таъми ва ифорига эътибор бериб истеъмол қилишдир. Учинчи қадам эса хулқ-атворни фаоллаштиришдир. Депрессияда инсон оддий ишларни ҳам ташлаб қўяди, лекин мазмунли кичик ҳаракатлар кайфиятни аста-секин тиклайди. Клетчаткага бой ошқовоқ таомлари узоқ вақт тўқлик ҳиссини бериши билан айниқса фойдали бўлиб, спорт билан шуғулланувчилар рационига ҳам яхши қўшимча бўла олади.
Халқимизда дастурхон атрофида жамланиш ўзига хос табиий психотерапия саналади. Таомни биргаликда тайёрлаш ва тановул қилиш оила аъзолари ўртасидаги ҳиссий яқинликни мустаҳкамлайди, болаларда хавфсизлик туйғусини шакллантиради. Тадқиқотлар ҳам оилавий дастурхон атрофида мунтазам йиғиладиган ўсмирларда руҳий муаммолар камроқ учрашини тасдиқлайди.
Ошқовоқли сомсани бирга тугиш, болалар билан ошқовоқни бўяш ёки ундан безак ясаш эса ҳам ижодий, ҳам арт-терапевтик машғулотдир. Қўл меҳнати, майда ҳаракатлар ва ранглар билан ишлаш жараёнида мия бор диққатини айнан шу машғулотга қаратади. Натижада ўтмишдаги оғир хаёллар ва келажак ҳақидаги хавотирлар чекинади. Ижодий жараён стресс гормони — кортизол даражасини пасайтириб, юрак уришини меъёрлаштиради, аксинча, завқ ва қониқиш бағишловчи дофамин нейромедиатори ажралишини кучайтиради.
Ошқовоқ кам калорияли ва тўқ тутувчи маҳсулот бўлса-да, психотерапевт сифатида «қаттиқ парҳез» тушунчасига эҳтиёткорлик билан қарайман. Ўзини оч қолдириш, маҳсулотларни «яхши» ва «ёмон»га ажратиш, ҳар бир калорияни санаш кўпинча айбдорлик ҳиссига, кескин озиб, сўнг яна тез вазн тўплашга олиб келади. Айниқса, ўсмир қизлар ва ёш аёлларда бундай одат овқатланиш хулқи бузилишига сабаб бўлиши мумкин.
Ошқовоқ аксарият инсонлар учун безарар бўлиб, унинг фойдали хусусиятлари печда пиширилганда яхши сақланади. Бироқ қандли диабет ҳамда ошқозон-ичак касалликлари бор кишилар уни тайёрлаш усули ва истеъмол миқдорини шифокор билан маслаҳатлашиб белгилагани маъқул.
Оддий нарсалардан завқ олиш, эрталабки қуёш нурида сайр қилиш, оила билан бирга тайёрланган иссиқ таом, яқин инсон билан самимий суҳбат ва тинч уйқу — буларнинг ҳеч бири дорихонада сотилмайди. Аммо улар руҳий саломатликнинг энг ишончли таянчидир. Ошқовоқни эса ана шу оддий қувончлар ичидаги кичик, бироқ ёрқин рамз десак, хато бўлмайди.
ЎзА мухбири Лира Шафиқ ёзиб олди.