Касбга садоқат — умр мазмуни
Журналистика — нафақат воқеа-ҳодисаларни ёритиш, балки давр солномасини яратиш, инсонлар тақдири ва жамият ҳаётидаги ўзгаришларни тарих саҳифаларига муҳрлашдек юксак масъулият талаб этадиган касб. Ушбу соҳада қарийб ярим аср фаолият юритиш эса катта тажриба, тинимсиз изланиш ва касбга садоқат намунасидир.
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги «Санъат саройи»да Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, таниқли тележурналист, «Тафсилот-пресс» газетаси бош муҳаррири Жўрақул Турсунов таваллудининг 65 йиллиги ҳамда журналистика соҳасидаги фаолиятининг 45 йиллигига бағишланган ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, таниқли адиб Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов, оммавий ахборот воситалари вакиллари, соҳа фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Ижодий учрашувда Жўрақул Турсуновнинг журналистикага кириб келиши, касбий фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ижодий изланишлари ва соҳа ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритилди. Унинг кўп йиллик меҳнати, ўз касбига садоқати ва ижодий фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари эътироф этилди.
Таъкидланганидек, журналистнинг касбий камолоти йиллар давомида орттирилган тажриба, воқеликни теран англаш, холислик ва сўз масъулиятига содиқлик билан белгиланади. Жўрақул Турсуновнинг 45 йиллик ижодий йўли ҳам ана шу мезонлар, доимий изланиш ва ўз устида ишлаш билан чамбарчас боғлиқ.
Учрашувда устоз журналистнинг ҳаёт йўли ва сермаҳсул фаолиятига алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Унинг касбга фидойилиги, кўп йиллик меҳнати ҳамда тўплаган тажрибаси ёш қаламкашлар учун ибрат мактаби экани қайд этилди.
[gallery-32647]
Самимий руҳда ўтган тадбир турли авлод журналистларини бир даврага жамлаб, устозларга эҳтиром, касбий анъаналар давомийлиги ва авлодлар ўртасидаги ижодий ҳамжиҳатликнинг ёрқин ифодасига айланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА