
Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолининг табиий ва суюлтирилган газ ҳамда ёқилғи мойлаш маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ва мавсумни беталофот ўтказиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, айни пайтда бошқармада асосий муҳандислик коммуникациялари, технологик асбоб-ускуналарни барқарор ишлашга тайёрлаш ҳамда углеводородларни қазиб чиқариш, қайта ишлаш қурилмаларда режали таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бугунги кунга қадар 16 та технологик қурилма, 5 та қозон, 5 та сиғим, 48 000 метр электр тармоқлари, 2 та трансформатор подстанция, 350 метр кабель эстакадалари, 4080 метр сув тармоқлари, 2 та ишлаб чиқариш биноси таъмирланди. 4 та захирани автоматик улаш қурилмаси, 2 та дизель электр станцияси, 1та узлуксиз электр таъминоти манбаси ишчи ҳолати текширилди. 900 метр иссиқлик тармоқлари изоляция қилинди.
Шу билан бирга асосий муҳандислик коммуникацияларида “Қулбешкак”, “Саватли”, “Қумли”, “Янгиказган”, “Тўмарис” ва “Ўртақум” конларидаги газни бирламчи тайёрлаш қурилмаларидаги 7 та технологик тармоқларда, “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш қурилмаларида, “Учқир” ҳамда “Ғарбий” сиқув компрессор станциясидаги газ ҳайдаш агрегатларида, Пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
[gallery-9258]
Шунингдек куз-қиш мавсумида Республика истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлаш ва белгиланган режа кўрсаткичларини бажариш учун жорий йил бошидан 17 октябрь ҳолатига 10 та қудуқ бурғилашдан ишга туширилди. 145 та қудуқларда мукаммал таъмирлаш ва интенсификация ишлари амалга оширилди. 4 та технологик объектлар ишга туширилди.
Хусусан, октябрь ойининг бошида “Дояхотин” конида янги 47 километр газ қувури монтаж қилинди. Кунлик қўшимча 1 миллион куб метр табиий газ қазиб олишга эришилди. Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида куз-қишга тайёргарлик кўриш учун белгиланган барча зарурий чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада мавсумда бир маромда ишлашга тайёр ҳолатга келтирилди.
Айни пайтда бошқарма ва тегишли департаментлар мутахассисларидан иборат гуруҳ томонидан қурилмаларда барқарор ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда.
Белгиланган чора-тадбирларни амалга оширилиши натижасида бугунги кунда бошқарма томонидан кунлик 12,2 миллион куб метр табиий газ, 490 тонна газ конденсати қазиб чиқариш ва 260 тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилишига эришилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА