Жамшид Қўчқоров: изчил чоралар натижасида инфляция даражаси 3,3 фоизгача пасайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда депутатлар “2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисида”ги ҳисоботини кўриб чиқмоқда. Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров маъруза қиляпти.
Бош вазирининг ўринбосари қайд этганидек, жаҳон иқтисодиётида ноаниқликлар ва хавф-хатарлар сақланиб қолаётган мураккаб шароитда мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар макроиқтисодий барқарорлик ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш имконини берди. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга ўсиб, бундай ўсиш суръатлари бозор хизматларида 16,9, саноат ишлаб чиқаришида 8,0, қурилиш ишларида 13,8 ва қишлоқ хўжалигида 4,7 фоизни ташкил этган.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида йил бошига нисбатан инфляция даражаси 3,3 фоизгача пасайди. Асосий капиталга инвестициялар 17,5 фоизга ошиб, 338,9 трлн. сўмни ташкил этди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 12,4 млрд. долларга етди. Экспорт ҳажми олтин экспортини ҳисобга олмаган ҳолда 31,6 фоизга ўсиб, 14,4 млрд. долларни ташкил этди.
Давлат бюджети даромадлари 207,4 трлн. сўмга етказилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63,2 трлн. сўмга ошди. Бевосита солиқлар 77 трлн. сўмни (+75,1%), билвосита солиқлар 61,6 трлн. сўмни (+20%), ресурс ва мол-мулк солиқлари 29,1 трлн. сўмни (+48,7%) ташкил қилди.
Маҳаллий бюджетларда 6,2 трлн. сўм қўшимча манбалар шакллантирилди. Бюджет харажатларининг 51,5 фоизи ёки 105,8 трлн. сўми ижтимоий соҳани молиялаштиришга йўналтирилди. Бунда таълим соҳасига 49,5 трлн. сўм, соғлиқни сақлашга 22,7 трлн. сўм, нафақа ва моддий ёрдам тўловларига 7,3 трлн. сўм ажратилди. Барқарор ривожланиш миллий мақсадлари тамойиллари доирасида харажатларнинг 78,5 фоизи (161,3 трлн. сўм) миллий барқарор ривожланиш мақсадларига йўналтирилди.
Мажлис ўз ишини давом эттирмоқда.
М.Комилова, ЎзА