Ўзбекистон ва Буюк Британия: иқтисодиёт ва таълим бўйича эришилган келишувлар амалий ижроси таъминланади
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мамлакатимиздаги дипломатик фаолиятини якунлаётган Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги кенг қамровли шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда парламентлараро, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани қайд этилди.
2024 йилда қабул қилинган Кенг қамровли шериклик тўғрисидаги декларация ҳамда жорий йил февраль ойида имзоланган Қўшма декларация икки томонлама алоқаларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Суҳбат чоғида инфратузилма, «яшил» энергетика, муҳим минераллар ва қишлоқ хўжалиги каби устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Таълим соҳасида қўшма дастурларни кўпайтириш, Ўзбекистонда Буюк Британиянинг етакчи университетлари филиалларини очиш, педагоглар тайёрлаш ва инглиз тилини ўқитиш сифатини ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш ҳамда иқтисодиёт ва таълим йўналишларида эришилган келишувларнинг амалий ижросини қўллаб-қувватлашга томонлар тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА