Хоразм ва Қорақалпоғистонлик супервайзерлар маҳорати оширилди (+видео)
Хоразм вилоятида “Ижтимоий ишда таълим, супервизия ва касбий ривожланиш” мавзусида икки кунлик тренинг ўтказилди.
Унда 30 нафарга яқин Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон республикасининг барча ҳудудларидан йиғилган супервайзерлар қатнашди.
Мазкур тренингнинг асосий мақсади ижтимоий иш соҳасига илғор ва замонавий ёндашувларни жорий этиш, супервайзерларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда уларнинг касбий салоҳиятини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тренинг давомида компетенцияга асосланган таълим тизимини ривожлантириш ва амалиётга йўналтирилган ўқитиш ёндашувлари, мотивацион интервью усули ҳамда унинг супервизия жараёнидаги самарали қўлланилиши каби устувор йўналишлар бўйича амалий машғулотлар олиб борилди.

Мазкур ўқув жараёни соҳа мутахассислари учун жаҳон стандартларини ўзлаштириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди, дейиш мумкин. Сабаби машғулотларни дунёнинг нуфузли олийгоҳларидан бири бўлган Колумбия университети Ижтимоий иш мактабининг махсус бўлим директори Людмила Ким олиб борди.
Халқаро экспертнинг иштироки ижтимоий иш тизимида супервизиянинг ўрни, ходимларни руҳий қўллаб-қувватлаш ва касбий этикасини янада ошириш каби нозик жиҳатлар ҳам таҳлил қилинди.
– Супервизия – ижтимоий иш соҳасида мутахассиснинг касбий маҳоратини ошириш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда руҳий барқарорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган маслаҳат ва кўмак жараёнидир, – дейди Людмила Ким. – Оддий тилда айтганда, супервизия тажрибали мутахассис – супервайзер томонидан камроқ тажрибага эга ходимнинг иш фаолиятини тўғри ташкил этишга методик ва амалий жиҳатдан кўмак беришни англатади. Биз бугун машғулотларда иштирок этган иккита ҳудуд супервайзерларининг фаоллиги ва қизиқишини кузатдик. Улар тренинг давомида катта қизиқиш билан иштирок этди. Ушбу жараён якунида Хоразм ва Қорақалпоғистонлик супервайзерлар ўз ҳудудларида ижтимоий ходимлар учун энг яқин маслаҳатчи ва касбий йўлчи сифатида фаолиятларини янги сифат босқичига олиб чиқади.
Икки кун давомида иштирокчилар назарий билимларни интерфаол ўйинлар ва амалий топшириқлар орқали мустаҳкамлади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири