Гиёҳвандликка қарши кураш ҳамманинг иши
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом, маънан етук ва мустақил фикрлайдиган шахслар этиб тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, гиёҳвандлик каби ижтимоий иллатларга қарши курашиш бугунги кунда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки таълим муассасалари, тиббиёт ходимлари ва кенг жамоатчилик олдида турган устувор вазифалардан бирига айланган.
Жиззах политехника институтида “Гиёҳвандликка йўқ деймиз!” шиори остида ўтказилган профилактик тадбир ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилди. Унда соҳавий мутахассислар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тиббиёт вакиллари иштирок этиб, гиёҳвандликнинг инсон саломатлигига етказадиган жиддий зарарлари, унинг жамият тараққиётига салбий таъсири ҳамда бу иллатнинг олдини олиш чора-тадбирлари хусусида атрофлича фикр юритди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур йўналишда мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Жумладан, 1999 йил 19 августда қабул қилинган “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 ноябрдаги “Жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонларида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, гиёҳвандлик ва бошқа зарарли иллатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида жойларда профилактик тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари, тиббий-ижтимоий кўмак кўрсатиш тизими изчил йўлга қўйилмоқда. Хусусан, таълим муассасаларида доимий равишда учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва тушунтириш ишлари ташкил этилиб, ёшларда гиёҳвандликка нисбатан муросасиз муносабат шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Жиззахдаги тадбирда ҳам мутахассислар томонидан берилган амалий тавсиялар, ҳаётий мисоллар ва тиббий тушунтиришлар талабаларда мустаҳкам ҳаётий позицияни шакллантириш, зарарли одатларга қарши иммунитетни кучайтиришга хизмат қилди. Бундай мулоқотлар ёшларнинг онгу тафаккурига ижобий таъсир кўрсатиб, уларни турли ёт ғоя ва иллатлардан асрашда муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, соғлом авлод — юрт келажаги. Гиёҳвандликка қарши кураш эса фақат бир ташкилот ёки тизимнинг эмас, балки бутун жамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этадиган муҳим вазифадир.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА