Ҳар бир мурожаат доимий назоратда
Суҳбат
Бугунги кунда фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Ана шу мақсадда фаолият юритаётган Президент Халқ қабулхоналари аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги очиқ ва самарали мулоқотни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Маълумки, 2026 йил 1 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади. Мазкур ҳужжатда фуқаролар мурожаатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқиш, уларнинг ижросини назорат қилиш, муддати ўтган мурожаатларни юқори турувчи давлат органларига автоматик равишда ўтказиш ҳамда аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу борада Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш амалиёти ва фуқаролар муаммоларини ҳал этиш борасидаги вазифалар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари Нилуфар Аллабергенова билан учрашиб, ўзимизни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб олдик.
— Аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг дарду ташвишларини тинглаш ва уларнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топиш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш юзасидан қандай ишлар олиб борилмоқда?
— Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги аҳоли билан мулоқот тизимини такомиллаштиришга қаратилган фармони бу борадаги ишларимизни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида ўрганиш ва уларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарида орқали жами 30 минг 253 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 12 минг 182 таси ижобий ҳал этилди, 5 минг 933 та мурожаат эса айни пайтда кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш ва мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида ҳудудларда шахсий ҳамда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Уларда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, кўтарилган масалалар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари иштирокида ўрганилмоқда. Асосий мақсадимиз — ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини чуқур англаган ҳолда, фуқароларнинг муаммоларини қонуний ва ўз вақтида ҳал этишдан иборат.
— Президентимизнинг 2026 йил 1 апрелдаги фармонига мувофиқ, Президент Халқ қабулхоналарига мурожаатларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳар томонлама, тўлиқ, холис ҳамда ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилиш бўйича муҳим ваколатлар берилган. Мазкур фармон асосида мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини назорат қилиш бўйича қандай янги механизмлар жорий этилди ва бу борада бугунги кунда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Президентимизнинг мазкур фармони билан аҳоли мурожаатлари билан ишлашда назорат механизмларини кучайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари масъулиятини ошириш ҳамда мурожаатларнинг натижадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати мунтазам ўрганиб борилмоқда.

Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида ушбу йўналишда 97 та ўрганиш, мурожаатлар энг кўп келиб тушган соҳалар бўйича эса 116 та таҳлил ўтказилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва масъул ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ҳудудий ташкилотларга 119 та тақдимнома, 75 та талабнома ва 188 та кўрсатма киритилди. Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига 46 та ахборот, прокуратура ва адлия органларига 17 та ҳужжат юборилди.
Кўрилган таъсир чоралари натижасида 18 нафар масъул ходим маъмурий жавобгарликка тортилди, 5 нафар ходим лавозимидан озод этилди, 2 нафар ходимга жарима жазоси қўлланилди, 83 нафар ходимга ҳайфсан берилди, 87 нафар ходим расман огоҳлантирилди.
Шу билан бирга, мурожаатларда кўтарилган масалаларни жойларда ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали тизимли муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик таклифлари ишлаб чиқилмоқда.
— Сайёр қабулларнинг муҳим жиҳати шундаки, фуқаро ўз муаммосини ҳал этиш учун идорама-идора юришга мажбур бўлмайди, аксинча, масъул раҳбарларнинг ўзи аҳоли ҳузурига бориб, мавжуд муаммоларни ўрганади ва уларнинг ечими бўйича аниқ вазифаларни белгилайди. Қорақалпоғистон Республикасида сайёр қабуллар қандай ташкил этилмоқда ва улар аҳоли муаммоларини ҳал этишда қандай самара бермоқда?
— Албатта, халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаш, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиб, амалий ечим топиш давлат органлари раҳбарларининг энг муҳим вазифаларидан биридир. Шу боис Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқаролар мурожаатларини бевосита тинглаш ва уларни қийнаётган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш асосий вазифамиздир.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Вазирлар Кенгаши раиси ва уларнинг ўринбосарлари томонидан Президент Халқ қабулхонасида мунтазам равишда фуқаролар қабули ўтказилмоқда. Ушбу қабуллар давомида аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиниб, уларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланмоқда. Ҳар бир масала масъул идоралар ва ташкилотлар вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланмоқда. Шунингдек, фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида шахсий қабуллар ва сайёр учрашувлар жадвали олдиндан тасдиқланиб, аҳолига эълон қилиб борилмоқда.
Қабулларда уй-жой, бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш, коммунал хизматлар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби турли йўналишлардаги масалалар кўтарилмоқда. Масъул ташкилотлар раҳбарларига уларни ҳал этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилмоқда. Энг муҳими, мурожаатларни фақат қоғозда кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг амалдаги натижасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Масалан, Нукус шаҳридаги “Таслақ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси Маманбий, Абадан ва Бўзатов кўчаларини таъмирлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Мазкур мурожаат Нукус шаҳри ҳокимлиги томонидан ўрганилиб, тегишли дастурга киритилди. Дастур асосида кўчаларга шағал қопламаси ётқизилиб, аҳоли кўтарган муаммо ижобий ҳал этилди.
Яна бир мисол. Бўзатов туманидаги “Қусханатау” овул фуқаролар йиғини аҳолиси “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини билан “Кўк сув” овул фуқаролар йиғинини боғловчи автомобиль йўлининг ҳолати оғир эканлиги юзасидан мурожаат қилган. Мурожаат атрофлича ўрганилиб, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 13 километр масофада асфалтлаш ишлари амалга оширилди. Натижада аҳолининг ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилди. Муаммонинг ижобий ҳал этилганидан мамнун бўлган фуқаролар ўз миннатдорчилигини билдирди.
— Шаҳар ва туман ҳокимликларида фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ва уларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталсангиз?
— Дарҳақиқат, фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этишда туман ва шаҳар ҳокимларининг шахсий қабуллари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Белгиланган жадвал асосида ўтказилаётган қабулларда аҳоли ўзларини қийнаётган масалалар билан бевосита ҳокимга мурожаат қилиш имконига эга бўлмоқда.
Қабулларда уй-жой, ер ажратиш, бандлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, коммунал хизматлар, ижтимоий ёрдам ҳамда инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ мурожаатлар кўриб чиқилмоқда. Хусусан, Нукус тумани “Дарсан” ва “Оқманғит” маҳаллаларини бирлаштирувчи кўприк узоқ йиллар давомида хизмат қилганлиги сабабли яроқсиз авария ҳолатига келиб қолган эди. Аҳолининг мурожаати натижасида ушбу ҳудудга маҳаллий бюджет ҳисобидан 2 миллиард сўм маблағ ажратилди ва янги кўприк қуриб фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, туман ҳудудида жойлашган “Саманбай” овул фуқаролар йиғини аҳолисини кўп йиллардан буён ички йўлларни таъмирлаш, эскирган электр устунларини алмаштириш ва тунги ёритгич чироқларини ўрнатиш борасидаги муаммолар қийнаб келаётганди. Бу масала ҳам ижобий ҳал қилиниб, барча муаммо тез фурсатда бартараф қилинди. Бу каби амалий ишлар эса ҳудуд аҳолисининг эртанги кунга бўлган ишончини орттирмоқда.
Асосий мақсад — аҳоли мурожаатларида кўтарилган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, фуқароларнинг розилигини таъминлаш ҳамда ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашишдан иборат. Инсон манфаатларини таъминлаш, халқ дардига қулоқ тутиш ва мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади.
ЎзА мухбири Довуд Абибуллаев суҳбатлашди.