Ҳар бир бола сифатли тиббий хизматдан фойдалана олиши керак
Самарқандда ўтказилаётган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити ҳамда болалар онкологияси бўйича II халқаро конгресс бугун ўз ишини халқаро ташкилотлар раҳбарлари, вазирлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги пленар сессиялар билан давом эттирмоқда.
Жумладан, “Ҳаётнинг барча босқичларида ўлчанадиган натижаларни таъминловчи адолатли ва барқарор болалар соғлиқни сақлаш тизимларига инвестициялар” номли сессияда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами бўйича Европа маркази раҳбари Мелтта Якаб ташкилот томонидан болаларда кўп учрайдиган касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш тадбирлари, болалар онкологияси бўйича дастур ва лойиҳалар ҳақида маъруза қилди.
Мазкур сессияда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов мамлакатимизда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
– Кейинги йилларда юртимизда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, хусусан, болалар онкологияси ва гематологияси соҳасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – деди Э.Адилов. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорлари асосида болалар онкологияси ва гематологияси катталар тиббиёти йўналишидан алоҳида ихтисослашган хизмат сифатида ривожлантирилиб, ушбу соҳадаги тиббий ёрдам тизими мустаҳкамланмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 майдаги қарори билан 2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди. Мазкур қарор ижроси доирасида 2026-2035 йилларда онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича Миллий режа ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Ушбу ҳужжатлар болалар саратонини эрта аниқлаш, замонавий даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари, биз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Болалар саратонига қарши курашиш бўйича глобал ташаббусида иштирок этяпмиз. 2024 йилда эса мамлакатимиз болалар саратонини даволаш учун зарур дори воситаларидан фойдаланиш бўйича Глобал платформага дастлабки пилот давлатлардан бири сифатида қўшилди.

Сессияда, шунингдек, Қирғиз Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Дамирбек Османов, Тожикистон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Жамолиддин Абдуллозода, Беларусь Республикаси соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Елена Богдан, Россия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Евгения Котова, Пекин шаҳар ногиронлар федерацияси раиси Ли Ян сўзга чиқиб, ўз давлатлари мисолида болалар касалликларининг олдини олиш ва даволаш, онкологик хасталикларни даволашда қўлланилаётган сўнгги технологиялар ҳақида маълумот берди. Муҳокама давомида иштирокчилар болалар саломатлиги учун дунё давлатлари биргаликда ҳаракат қилишлари, ҳар бир бола – у қаерда яшаётгани ва қандай иқтисодий имкониятга эга эканлигидан қатъи назар сифатли ва замонавий тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши кераклигини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА