Жиззахда ёшлар бандлиги масалалари муҳокама қилинди
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда агентлик директори ўринбосари Абдулазиз Мўминов иштирок этиб, ёшларнинг мурожаат ва таклифларини тинглади.
Туман марказида бевосита ҳамда маҳаллалардан онлайн тарзда иштирок этган жами 1200 нафарга яқин ўғил-қиз қамраб олинган мулоқотда ишга жойлашиш, касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида ёшлар томонидан 21 та мурожаат ва таклиф билдирилди. Уларнинг 5 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 16 та масала юзасидан масъулларга аниқ муддатлар белгиланган ҳолда топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Тадбирда туманда фаолият юритаётган илғор тадбиркорлар ҳам иштирок этиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Ёшларга тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, ишлаш истагидаги йигит-қизларни иш билан таъминлаш юзасидан келишувларга эришилди.
Мулоқотда ёшларнинг истиқболли ташаббуслари ҳам қўллаб-қувватланди. Жумладан, Даврон Абдуллаев замонавий ўқув марказини ташкил этиш лойиҳаси учун 250 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишга эришганини билдирди.
— Мақсадим ёшларнинг замонавий касбларни эгаллаши ва сифатли билим олиши учун зарур шароитлар яратиш, - дейди Даврон Абдуллаев. — Ажратилган маблағ ҳисобидан ўқув марказини замонавий технологиялар билан жиҳозлаб, таълим сифатини оширишни режалаштирганмиз.
[gallery-32055]
Очиқ мулоқот ёшларнинг муаммоларига амалий ечим топиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА