Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Сирдарё туманида тиббиёт соҳасига замонавий технологияларни жалб этиш, хорижий тажрибани ўрганиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш борасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда туман ҳокими Азизбек Турдимуродов Хитойнинг Guangdong DeXin Medical Technology Co., Ltd. компанияси вакиллари билан учрашди.
Мулоқот давомида туманда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, замонавий тиббий технологиялар ва ускуналарни жорий этиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш борасидаги имкониятлар муҳокама қилинди.

Айниқса, тиббиёт техникуми билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда таълим жараёнига илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва тиббиёт муассасалари эҳтиёжига мос мутахассислар тайёрлаш муҳим йўналишлар сифатида кўриб чиқилди.
Бир сўз билан айтганда, бугун тиббиёт соҳасидаги тараққиёт замонавий технологиялар билан бир қаторда, уларни амалиётда самарали қўллай оладиган малакали кадрларга ҳам боғлиқ. Шу жиҳатдан, хорижий компаниялар билан ҳамкорлик нафақат тиббий инфратузилмани такомиллаштириш, балки маҳаллий мутахассисларнинг билим ва тажрибасини ошириш учун ҳам янги имкониятлар очиши мумкин.
Учрашув якунида томонлар тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда келгусида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири