Халқ овозига айланган нашр
Газета — давр кўзгуси, халқ овози ва жамият ҳаётининг солномаси. 35 йилдан буён халқ билан ҳамнафас бўлиб келаётган «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг юбилейи Гулистон шаҳрида ҳам нишонланди.
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ўтказилган тадбирда ушбу нашрларнинг босиб ўтган йўли, жамият ҳаётидаги ўрни ва халқ манфаатларини ифода этиш борасидаги фаолияти ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда «Халқ сўзи» газетаси шарҳловчиси Абдунаби Алиқулов, ижод мактаби директори,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Покиза Ахмеджанова, Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи Дилором Исмадиёрова, шоир Алишер Нур, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети талабаси Зулҳаё Мингбоева, шунингдек, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари, журналистлар, вилоят Кенгаши депутатлари ҳамда газетхонлар иштирок этишди.
Юбилей кечасини «Халқ сўзи» газетасининг Сирдарё вилоятидаги мухбири Аҳмадали Шерназаров олиб борди.
Дастлаб газеталарнинг ташкил топиш тарихи ва босиб ўтган йўлига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Унда нашрларнинг мамлакатимиздаги муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни ёритиш, долзарб масалаларни кўтариб чиқиш ҳамда халққа янгиликларни етказиш борасидаги фаолияти акс эттирилди.
[gallery-32142]
Сенатор Покиза Ахмеджонова газеталарнинг халқ вакиллари ва жамоатчилик ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, парламент фаолиятини ёритиш, депутатлик ҳамда сенаторлик назорати натижаларини кенг оммага етказишдаги аҳамиятини таъкидлади.
— «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарини халқ овози, депутатлар овози, халқ вакилларининг минбари деб аташ мумкин. Сабаби, ушбу нашрларда халқ ноиблари ва парламент аъзоларининг мақолалари, фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари мунтазам чоп этиб борилади. Халқимизни ўйлантираётган масалалар, депутатлик ва сенаторлик назорати билан боғлиқ жараёнларнинг ёритилиши газеталарнинг аҳамиятини янада оширади.
Бу нашрлар 35 йил давомида халқимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Бугун, айниқса, ёшлар телефон ва интернет орқали қисқа хабарларни ўқишга кўпроқ қизиқмоқда. Шундай шароитда газеталарнинг ўз нуфузи ва салоҳиятини сақлаб қолаётгани қувонарли. Менимча, ҳар бир раҳбар, депутат ва масъулиятли ходимнинг иш столида бу газеталар бўлиши керак. Зеро, улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини англаш ва жамоатчиликка етказишда муҳим манба ҳисобланади, — деди сенатор Покиза Ахмеджонова.
«Халқ сўзи» газетаси шарҳловчиси Абдунаби Алиқулов ҳам нашрларнинг кўп йиллик фаолияти, миллий матбуот тизимидаги ўрни ва жамият олдидаги масъулияти ҳақида сўз юритди. У қонунчиликдаги янгиланишлар, давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим ўзгаришлар ҳамда халқимизнинг эзгу интилишларини ёритиш газеталар фаолиятининг устувор йўналишларидан эканини таъкидлади.
Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов ва шоир Алишер Нур матбуотнинг жамоатчилик фикрини шакллантириш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий ва маънавий дунёқарашини юксалтиришдаги ўрнига тўхталдилар. Ҳудудлардаги илғор ташаббуслар, самарали иш тажрибалари ва одамлар ҳаётидаги ўзгаришларни ёритиш орқали газеталар жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани қайд этишди.
Учрашувда ёшларнинг матбуотга қизиқишини ошириш, уларда ахборотни таҳлил қилиш, мустақил фикрлаш ва журналистик ижод кўникмаларини шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ижод мактабида фаолият юритаётган журналистика тўгарагининг ёшларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш ва уларни журналистика соҳасига йўналтиришдаги ўрни эътироф этилди.
Тадбир якунида таҳририят билан ҳамкорликни ривожлантириш, газеталар нуфузини ошириш ва муштарийлар сафини кенгайтиришга ҳисса қўшаётган иштирокчиларга «35 йил халқ билан ҳамнафас» эсдалик кўкрак нишонлари топширилди.
Хушовоз хонандалар Султон Маматқобилов ва Мусулмонбек Қобулов ижросидаги қўшиқлар ҳамда ижод мактаби ўқувчиларининг Халима Худойбердиева шеърларидан Ватан, она тили ва дўстликни улуғловчи намуналар ўқиши тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
Гулистондаги учрашув «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг 35 йиллик фаолияти, халқ билан ҳамнафасликдаги ижодий йўли ва миллий матбуот ривожига қўшаётган ҳиссасини яна бир бор намоён этди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА