Фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоялаш кафолатлари кучайтирилади
Парламент қуйи палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа бўйича Олий суд Раиси ўринбосари Ш.Полвонов батафсил тўхталиб ўтди:
— Ушбу қонун лойиҳаси суд амалиётида аниқланган ҳуқуқий бўшлиқлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган. Лойиҳа билан Фуқаролик процессуал кодексига, “Давлат божи тўғрисида”ги ҳамда “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, фуқаролик ҳолати ҳужжатлари ёзувларидаги нотўғриликларни суд тартибида аниқлаш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишнинг аниқ процессуал тартиби белгиланмоқда. Бу фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини камайтириш, ўз ҳуқуқларини тиклаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, суд бошқарувчиларини вазифасидан озод этиш ҳамда ўрнига янги бошқарувчини тайинлаш тартиби аниқлаштирилмоқда. Яъни, тўловга қобилиятсизлик ишлари доирасида суд бошқарувчиси ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган тақдирда, унга тўланадиган ҳақ миқдорини камайтириш, айрим суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш имкониятларини кенгайтириш, судгача санация қилиш ҳамда суд бошқарувчиларини вазифасидан озод этиш тартиблари кўзда тутилмоқда.
Кредиторлар талабларини ҳисоблаш ҳамда қаноатлантириш билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинмоқда. Шунингдек, корхона фаолиятини давом эттириш имкони бўлган ҳолларда иш юритишни тугатиш, манфаатдор шахсларнинг айрим суд ҳужжатлари устидан шикоят ҳуқуқини белгилаш, тўловга қобилиятсизликка оид ишларни кўришнинг процессуал тартиб-таомиллари ва муддатларини аниқлаштириш каби масалалар белгиланмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши судлар фаолияти самарадорлигини янада ошириш, тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун энг қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА