Энергетикада маҳаллийлаштириш ва инновацион ёндашувлар янги босқичга кўтарилмоқда
– Биз фақат маҳсулот эмас, инжиниринг хизматларини ҳам экспорт қилишимиз керак. Бунинг учун ўзимизда ташкил этилаётган лойиҳалаштириш ва синов лабораториялари имкониятларидан кенг фойдаланишимиз зарур, – деди Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “NURA Electric” заводи фаолияти ва тайёр маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиш чоғида.
Бугун мамлакатимиз энергетика соҳаси тубдан янгиланиб, тизимга замонавий технологиялар ва инновацион ечимлар кенг жорий этилмоқда. Тармоқни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, импортга қарамликни камайтириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш устувор вазифалардан бирига айланди.
Бу борада “Ўзэнергоинжиниринг” энергетика соҳасидаги йирик лойиҳа институтларидан бири сифатида муҳим ўрин тутмоқда. Институт фаолияти, янги технологияларни ўзлаштириш ва маҳаллийлаштириш борасидаги режалар соҳадаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
– Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиш асносида биз билан ҳам суҳбатлашиб, фаолиятимиз ҳамда истиқболдаги режаларимиз билан қизиқди. Биз “Ўзэнергоинжиниринг” ва унинг таркибидаги қўшма лойиҳа институтлари фаолияти юзасидан тақдимот ўтказдик, – деди “Silk Road Energy Planning and Engineering” институти бош директори Акмалхон Ҳожихонов. – Жумладан, Хитойнинг етакчи энергетикани режалаштириш ва инжиниринг институти билан ҳамкорликда ташкил этилган лойиҳа институтимизни таништирдик.
Институтимизда энергетикани ривожлантиришнинг халқаро стандартларга асосланган тамойиллари жорий этилган. Хусусан, “Plexos” дастури ёрдамида йил давомида ҳар бир соат кесимида энергетика тизими таҳлил қилиб борилади. Қуёш ва шамол энергияси, аккумулятор батареялари ресурслари ҳамда истеъмол хусусиятларидан келиб чиқиб, зарур ҳисоб-китоблар бажарилади. Бу жараёнда сунъий интеллект имкониятларидан ҳам фойдаланяпмиз.
Шунингдек, Ўзбекистонда илк бор қайта тикланувчи энергия манбалари станцияларини синовдан ўтказишга ихтисослашган лаборатория ташкил этдик. Бу ерда Канададан келтирилган замонавий ускуналар ва суперкомпьютерлар ёрдамида реал вақт режимида ҳисоб-китоблар амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари энергетика лойиҳаларида маҳаллийлаштириш улушини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, ҳар бир энергетика лойиҳасида маҳаллий лойиҳа институтлари улушини камида 50 фоизга етказиш вазифаси белгиланди.
Шу билан бирга, соҳада юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, ҳудудларда институт филиалларини ташкил этиш ҳамда фаолият кўламини кенгайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. Жамоамиз билан ушбу йўналишларда бор куч-ғайратимизни сафарбар этишга тайёрмиз. Зеро, соҳа ривожи учун барча шароит яратилган.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОВ (видео),
ЎзА