Экология ва атроф-муҳитни муҳофазаси доимий эътиборда
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда она табиатни асраб-авайлаш, экологик барқарорликни таъминлашга юксак эътибор қаратилмоқда.
– Давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳамда ҳудудимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалдаги қонун талаблари ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йил давомида кенг кўламли амалий чора-тадбирлар олиб борилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси Лейла Сейтова. – Хусусан, ўтган 2025 йил баҳор ва куз мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 18 миллион донадан ортиқ манзарали, бута ва мевали дарахт кўчати экилди. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида шаҳар ва туманлар ҳудудида “очиқ бюджет” онлайн платформаси орқали шакллантирилган 2 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан 23 гектар майдонда “Яшил боғ” ва “Яшил жамоат парклари” яратилиб, бу жойларга 15 минг донадан ортиқ манзарали ва мевали кўчат экилиши таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан маҳаллий бюджетдан ажратилган 2,1 миллиард сўм маблағ ҳисобидан Нукус-Қўнғирот йўналишидаги магистраль автомобиль йўлининг 72 км оралиғида ҳамда Нукус-Тахтакўпир йўналишидаги автомобиль йўлининг 79 км оралиғида кўкаламзорлаштириш ва манзарали кўчатларни экиш ишлари олиб борилди. Шаҳар ва туманлардаги ўрмон хўжаликлари томонидан 232 гектар майдонда жойлашган кўчатхоналарда жами 21,4 миллион дона манзарали ва бута кўчати тайёрланиб, 6 ярим миллион дона кўчат шартнома асосида муассасаларга етказиб берилди ва кўчатлар учун талаб этиладиган 2 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланди.

Бундан ташқари, Орол денгизининг суви қуриган майдонларида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини яратиш мақсадида ўтган йил январь-март ойларида жами 71,9 минг гектар майдонга чўлга чидамли саксовул ва қорабуроқ ўсимликларини уруғидан ва кўчатидан экиш ишлари олиб борилди.
“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларини бузган 612 нафар фуқаро, шундан 4 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, 421,5 миллион сўм, “Ер тўғрисида”ги Қонун талабларини бузган 144 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилиб, 584,7 миллион сўм, “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонун талабларини бузган 1 минг 121 нафар фуқаро, шундан 30 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, 576,2 миллион сўм, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни талабларини бузган 33 нафар фуқаро, шундан 1 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, 46,6 миллион сўм жарима қўлланилди.
Тадбир давомида 3 та ҳужжат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, 50 та ҳужжат суд органларига киритилган. Суд қарори билан 766,6 миллион сўм ундирилди ва битта жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, атроф-муҳитга зарарли таъсири хавфи юқори бўлган 43 та корхонада олиб борилган мониторинг натижасида 27 та корхонада чиқиндилар миқдори белгиланган меъёрдан ортиқ бўлганлиги аниқланиб, шундан 14 та корхонага 4,9 миллиард сўмлик компенсация тўлови ҳисобланди. Жумладан, “Қорақалпоқцемент” масъулияти чекланган жамият қўшма корхонасига 4 дона, “Бўстон кластер” масъулияти чекланган жамиятга 9 дона, “Тўрткўл агро кластер” масъулияти чекланган жамиятга 10 дона, “Астера текстиль” масъулияти чекланган жамиятга 10 дона чанг-газни тутиб қолувчи фильтр ускуналари модернизация қилиниб, ҳавога ташланадиган зарарли чиқиндилар миқдорини 33 тоннага камайтиришга эришилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борилган “Тоза ҳаво” тадбирлари давомида кўрикдан ўтказилган 26 мингдан ортиқ автотранспортдан 37 тасида чиқиндилар миқдори меъёрдан ортиқ бўлганлиги аниқланиб, ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Жами 5 минг 872 та автотранспорт метан ва пропан сиқилган газ ёқилғисига ўтказилиши натижасида атмосферага чиқариладиган заҳарли чиқиндилар миқдорини 7,6 тоннага камайтиришга эришилди.

Аҳолининг маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларини амалга ошириш мақсадида шаҳар ва туманлар ҳудудида 12 та санитар тозалаш корхоналари фаолият юритмоқда. Ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқиш мақсадида белгиланган жойларга 268 та чиқинди йиғиш шохобчаси ва 1 минг 498 дона чиқинди контейнери ўрнатилган.
Шаҳар ва туманлар ҳудудида 18 та чиқинди полигони мавжуд бўлиб, 2025 йил давомида жами 375,3 минг тонна маиший чиқинди жойлаштирилиб, улардан 12 фоизи, яъни, 45,3 тоннаси қайта ишланди.
Бугунги кунда ҳудудда чиқиндиларни қайта ишловчи жами 21 та, шундан қоғозни қайта ишловчи 10 та, шишани қайта ишловчи 1 та, пластмассани қайта ишловчи 9 та, биологик қайта ишловчи 1 та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, Нукус шаҳрида 2 та корхона, Беруний ва Тўрткўл туманларининг ҳар бирида 1 тадан чиқиндини қайта ишловчи янги корхона ишга туширилди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, шу йил 4 февралда Хитой Халқ Республикасининг “Beijing China Sciences Runyu Environmental Technology” компанияси иштирокида Нукус тумани ҳудудидан лойиҳа қиймати 80 миллион АҚШ долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига йилига 274 минг тонна бўлган чиқиндини қайта ишлаш натижасида 80 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган завод қурилишига тамал тоши қўйилди.
Оролбўйи ҳудудида жорий йилда ҳам экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни такомиллаштириш борасида амалдаги қонунчилик талаблари ижросини таъминлаш ҳамда экологик назоратни янада кучайтиришнинг барча зарур чоралари кўрилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.