Деҳлида ўзбек ва ҳинд ижодкорларининг янги китоблари тақдимоти ўтказилди
Ҳиндистон пойтахтидаги “Indian Press” клубида ўзбек ва ҳинд олимлари, шоирлар ва илмий тадқиқотчилар қаламига мансуб янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.Унда Ҳиндистоннинг турли газета ва журнал,телевидение, радио ҳамда нашриётларидан журналистлар, тилшунослар, адабий танқидчилар ва ёш ижодкорлар иштирок этди.
Анжуманда муаллифларнинг адабиёт, педагогика, санъатшунослик ва маданий меросга бағишланган қатор китоблари кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Хусусан, марҳум ўзбек шоири Аъзам Ўктамнинг урду тилига таржима қилинган “Қўқон шамоли” шеърий тўплами, Бекзодбек Абдуллаевнинг “Бозор муносабатларида шахсий нутқнинг шаклланиши”, Бинафша Бозорованинг “Зулфия ижодининг хорижий мамлакатларда ўрганилиши”, Замира Раззоқованинг “Қалб гирдоблари”, Асрор Аллаёровнинг “Ўзбек халқ рақслари мотивларининг маданий ва педагогик аҳамияти”, Раҳматжон Абдусатторовнинг “Иқон: Тамаддун ва тафаккур тарихи”, Сантош Пател ва Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубованинг “Лазги ва Бҳаратнатям рақслари қиёсий тадқиқи”, Бахтиёр Расулов ва Муҳайё Ортиқованинг “Андижон полка: Анъана, қадриятлар ва замонавийлик”, Мандави Сингх ва Ахлоқ Аҳмад Аҳаннинг “Лазги ва катҳак рақсларининг қиёсий тадқиқоти: тарихий эволюция, ўхшашликлар ва мустақилликдан кейинги ривожланиш босқичлари”, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтиўқитувчиси Азиз Ражабийнинг “Академик Юнус Ражабий” каби монографиялари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
– Бугун тақдим этилган китоблар шунчаки фақат адабий ёки илмий аҳамиятга эга эмас. Улар орқали икки халқнинг дунёқараши, маданий қадриятлари ва тарихий муштаракликлари янада яқинлашмоқда. Айниқса, таржима ишларининг кенгайиши ўзаро тушунишни мустаҳкамлайди, -дейди журналист ва таржимон Асрор Аллаёров.

Шунингдек, йиғин доирасида янги халқаро илмий нашр - “Suz.in” журнали биринчи сонининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Таъкидланишича, “Suz.in” илмий тафаккур орқали икки минтақа дўст халқларининг чуқур тарихий ва маданий боғлиқлигини очиб беришга бўлган интилишни ифодалайди.
Илк сонда Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Қозоғистон олимлари ҳамда тадқиқотчиларининг илмий мақолалари чоп этилган. Муаллифлар географияси ва мавзулар ранг-баранглиги қамровнинг кенглигидан далолат беради. Тадқиқотчилар эътибори марказида Марказий ва Жанубий Осиё халқларининг тарихий алоқалари, маданий муҳитнинг умумий жиҳатлари, шунингдек, асарлари асрлар давомида минтақалараро мулоқот учун асос бўлиб хизмат қилиб келаётган буюк мутафаккирлар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа алломаларнинг бебаҳо мероси ўрин олган.
– Ушбу журналнинг чоп этилиши аждодларимизнинг бой меросини оммалаштиришга хизмат қилади, шунингдек, ёш олимлар учун ўзига хос янги ғоялар инкубаторига айланиб, Тошкент ва Деҳли ўртасидаги илмий-академик пойдеворни мустаҳкамлайди, - деди филология фанлари доктори, профессор Ҳулкар Ҳамроева.
Нашр нафақат олимлар учун минбар, балки халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни қандай мустаҳкамлаши мумкинлигини намойиш этувчи муҳим “юмшоқ куч” воситасига айланиши кўзда тутилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА