Давлат харидларидаги шаффофлик бюджет маблағларини тежашга хизмат қилмоқда
Эндиликда давлат харидларида инсон омили камайиб, “Электрон дўкон”даги таклифларнинг 75 фоизи бевосита сунъий интеллект ёрдамида текширувдан ўтказилмоқда.
Бу ҳақда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида жорий йилнинг тўққиз ойлик фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжуманида таъкидланди.
Соҳа мутасаддилари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Агентлик раҳбарияти амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, шу йилнинг 9 ойида ўзлаштирилган 42,6 миллиард доллар хорижий инвестициянинг 18,2 миллиард доллари ёки 43 фоизи маҳаллий контент улушидир.
– Ҳисобот даврида маҳаллийлаштириш дастури доирасида 117 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, – дейди агентлик директори ўринбосари Жаҳонгир Юнусов. – Шунингдек, 88 турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилиб, 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Натижада импорт ўрнини босиш самарадорлиги 6,2 миллиард долларга етди.

Маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Миллий саноат занжири” кўргазмалари ва “Шатакка олиш” механизми орқали тадбиркорлар билан тегишли шартномалар имзоланди. Шунингдек, саноат кооперациясини рақамлаштириш учун Ягона саноат портали тест режимида ишга туширилди.
Агентлик директорининг яна бир ўринбосари Илҳомжон Пардаев давлат харидлари тизимидаги ўзгаришларга тўхталди. Тўққиз ой ичида давлат харидларининг умумий ҳажми қарийб 282 триллион сўмга яқинни ташкил қилган. Энг муҳими, очиқ ва рақобатли харидлар орқали 12,1 триллион сўм маблағ тежаб қолинган. Тўғридан-тўғри харидлар ҳажми эса 11,7 фоизга камайган.
Харидлар назоратини кучайтиришда замонавий технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, “Электрон дўкон”даги таклифларнинг 75 фоизи сунъий интеллект орқали текширувдан ўтказилмоқда. Бундан ташқари, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш учун махсус онлайн ўқув платформаси ҳам ишга туширилган.

Йил якунига қадар маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 130 триллион сўмга етказиш, инвестиция лойиҳаларида маҳаллий контент улушини ошириш ва давлат харидларида шаффофликни янада кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Анжуман якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олишди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА