Банк-молия академиясида тизим ислоҳотлари ва ривожи муҳокама қилинди
Ўзбекистон банк-молия тизимининг келажаги Банк-молия академиясида муҳокама қилинди. Анжуман ислоҳотлар, рақамли трансформация ва барқарор ривожланиш йўлларини очиб берди.
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида “Ўзбекистон банк-молия тизимини барқарор ривожлантириш истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Унда Банк-молия академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, олимлар, давлат ташкилотлари, Марказий банк, тижорат банклари ва молия муассасалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманни Банк-молия академияси ректори Элмурод Ҳошимов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда банк-молия тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, молиявий институтлар фаолиятини такомиллаштириш ва иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашда молия тизимининг ўрнига тўхталди.
Соҳанинг етакчи мутахассислари ва амалиётчилари давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлардан самарали фойдаланишни назорат қилишда янги ёндашувлар, пул-кредит сиёсати ва молиявий барқарорликни таъминлашнинг замонавий механизмлари, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш масалаларини ёритиб бердилар.

Айниқса, тижорат банкларида рақамли трансформация ва сунъий интеллектга асосланган кредит скорингини жорий этиш имкониятлари ҳамда бу жараёнда юзага келиши мумкин бўлган хатарларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида Ислом молияси тамойилларига асосланган молиявий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун молиялаштиришнинг муқобил манбаларини шакллантириш ҳамда халқаро тажрибани миллий молия тизими хусусиятларидан келиб чиқиб татбиқ этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Анжуманнинг иккинчи сессиясида банк-молия тизимининг ривожланиши билан боғлиқ долзарб масалаларга бағишланган илмий маърузалар тингланди. Уларда рақамли трансформация орқали мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, акциядорлик жамиятлари молиясини самарали ташкил этиш, камбағалликни қисқартиришда ижтимоий суғурта тизимидан фойдаланиш, қимматли қоғозлар бозорида индивидуал инвесторлар фаоллигини ошириш ва молиявий таҳлилни такомиллаштириш каби масалалар кўриб чиқилди.
Анжуман доирасида барча масалалар банк-молия тизимининг барқарорлигини мустаҳкамлаш, молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш ва замонавий молиявий инструментларни амалиётга жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА