Дана Рейзниеце: Ўзбекистон шахматга янги стандартлар олиб кирди(+видео)
FIDE Бошқарув кенгаши раиси ўринбосари Дана Рейзниеце Ўзбекистондаги шахмат олимпиадаси ҳақида. У тадбирнинг ноёб руҳи ва тарихий янгилигидан ҳайратда.
Дана Рейзниеце — FIDE Бошқарув кенгаши раиси ўринбосари билан интервю.
Савол - Ўзбекистонга хуш келибсиз! Илк таассуротларингиз қандай? Кечаги тадбир қандай ўтди ва ундан қай даражада мамнун бўлдингиз?
Жавоб - Бу Ўзбекистон мезбонлик қилаётган FIDEнинг юқори даражадаги учинчи йирик тадбири. Шунинг учун ташкилотчилик даражаси мени унчалик ҳайратлантирмади — унинг юқори савияда бўлишига шубҳа йўқ эди. Аммо бу сафар мени ташкилотчилар очилиш маросимига қанчалик катта меҳр, самимий ҳис-туйғу ва ўзига хос руҳ бағишлагани жуда ҳайратлантирди. Бу Ўзбекистон маданияти, технологиялари ва руҳини намоён этган ажойиб тақдимот бўлди. Кечаёқ ҳамкасбларим билан бўлишдим: бу мен кўрган Шахмат олимпиадалари очилиш маросимлари орасида одамлар рақсга тушган биринчи маросим бўлди. У жуда илҳомлантирувчи эди. Бугун эса биринчи юриш айнан белгиланган вақтда амалга оширилди. Менимча, бу ҳам ташкилотчилик самарадорлигининг жуда яхши кўрсаткичи. Чунки одатда биринчи куни турли майда масалалар пайдо бўлиб, мусобақа кечроқ бошланиб кетиши мумкин. Аммо Самарқандда бундай бўлмади. Ташкилотчиликдаги самарадорлик яққол кўриниб турибди. Ишончим комилки, бу ерда шaxматнинг ҳақиқий байрами бўлади. Бу нафақат олтин медаллар, унвонлар, рейтинг очколари ва бошқа профессионал натижалар учун курашаётган шахматчилар, балки меҳмонлар учун ҳам катта байрам. Меҳмонлар бу ажойиб кўргазмани томоша қилиши, юқори даражадаги мусобақанинг кураш руҳини ҳис қилиши ва турли тадбирларда иштирок этиши мумкин. Таълим саммитимиз ва ижтимоий шахмат тадбирларимизга ҳам кўплаб меҳмонлар келишидан умидворман. Бу катта шахмат байрами жуда кўп инсонларнинг меҳнати эвазига амалга ошмоқда. Энг юқори даражадаги қўллаб-қувватлашдан бошлаб — мамлакат Президенти, Бош вазир, Ўзбекистон шахмат федерацияси ва унинг кечаю кундуз меҳнат қилаётган профессионал жамоасигача — барча бу тадбирни энг юқори савияда ўтказиш учун ҳисса қўшмоқда.
Савол - Биз ушбу тадбирни томоша қилишга улгурмадик. Айтиб бера оласизми уерда нималар бўлди?
Жавоб - FIDE нафақат профессионал шахматни қўллаб-қувватлайди. Бизда у билан бир қаторда турли йўналишлардаги лойиҳалар ҳам бор. Масалан, таълимда шахмат. Бу йил мактабларда шахматга бағишланди. Чунки биз шахмат XXI аср таълими учун ниҳоятда ижодий ва самарали восита эканини тушунамиз. У болаларга келажакда муваффақият қозонишлари учун зарур бўлган муҳим кўникмаларни беради. Ўтган йил эса ижтимоий шахматга бағишланган эди. Биз махсус ҳикоялар танловини ташкил қилдик. Унда шахмат инсонларни қандай илҳомлантириши, ўқитиши ва уларга янги имкониятлар бериши ҳақида 50 дан ортиқ турли воқеа ҳикоя қилинди. Ушбу танлов ғолиблари эса шу ерда — Ўзбекистонда тақдирланди. Улар махсус мукофотдан жуда хурсанд бўлишди. Мукофот — Шахмат олимпиадасига келиб, уни ўз кўзи билан томоша қилиш имконияти эди. Бугун эса уларнинг ҳикояларига бағишланган ўзига хос кичик байрам бўлмоқда. Масалан, тасаввур қилинг: инсон миясида жарроҳлик амалиёти ўтказилаётган бир вақтда у рақиби билан шахмат ўйнаяпти. Ана шундай ажойиб воқеалар ҳикоя қилинган.
Савол - Сиз бизнинг шахмат тарихи музейимизда бўлдингизми?
Жавоб - Ҳали йўқ. Федерациядаги ҳамкасбларимиз билан ташкилий ишларга шу қадар банд бўлдикки, биринчи тур бошлангунига қадар кўнгилочар тадбирларга деярли вақт бўлмади. Энди ҳамма жараёнлар йўлга тушгач, ўйлайманки, бундай тадбирларга ҳам вақт топилади. Улар шахмат музейини ҳам албатта қадрлашади. Чунки бу ерда шахматнинг жуда бой тарихи бор. Масалан, Афросиёбдан VII–VIII асрларга оид қадимий шахмат доналари топилган. Буни билиш жуда қизиқ. Ахир шундай гап бор: ёрқин келажакка эга бўлишни истаган инсон ўз тарихини ҳам билиши керак.
Савол - Бу Олимпиадада жуда кўп рекордлар янгиланганини эшитдим. Сиз улар орасида айнан қайси жиҳатни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз? Чунки билишимча, бу Олимпиадада кўплаб технологик ечимлар ҳам тарихда илк бор қўлланилмоқда.
Жавоб - Иштирокчилар сонининг рекорд даражада экани, юқори технологиялар — буларнинг барчаси жуда муҳим ва ўзига хос. Аммо шахсан мен учун энг муҳим жиҳат — тарихда биринчи марта имконияти чекланган шахматчилар учун Паралимпиада асосий Шахмат олимпиадаси билан бир вақтда ташкил этилганидир. Ўзбекистон буни биринчи бўлиб амалга оширди. Бу эса келажакдаги ташкилотчилар учун ҳам янги ва юқори мезон белгилаб беради.
Савол - Бошқа ҳамкасбларингиз ушбу тадбир ҳақида нима дейишяпти?
Жавоб - Улар жуда катта таассурот олишди.
Савол - Ҳозиргача улар билан энг кўп нима ҳақида гаплашдингиз?
Жавоб - Айтганимдек, улар тадбирга берилган ўзига хос руҳдан жуда таъсирланишди. Масалан, очилиш маросими ниҳоятда таассуротли бўлди. Менимча, мусобақа ўтказилаётган зал ҳам жуда-жуда чиройли. Мен ўзим ҳам шахматчиман, гроссмейстерман. Бир нечта Жаҳон шахмат олимпиадаларида иштирок этганман. Шунинг учун бугун бу ерда шахматчи эмас, расмий шахс сифатида турганимга, ростини айтсам, ўйнаётган шахматчиларга ҳавасим келяпти. Чунки шундай ажойиб залда шахмат ўйнашни жуда истаган бўлардим.
ЎзА