Футзалчиларимиз Венгрия терма жамоасини мағлуб этди
Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Будапешт шаҳри яқинидаги "Aramis" спорт саройида Венгрия терма жамоасига қарши ўтказган дастлабки ўртоқлик учрашувида муваффақиятга эришди.
ФИФА кунлари доирасида ташкил этилган ўйин давомида Ўзбекистон терма жамоаси тўп назорати, йўлланган зарбалар ҳамда яратилган голлик вазиятлар ҳолатида етакчиликка эришди. Бу якуний ҳисобда ҳам ўз аксини топди.
Қизиқарли кечган ўйиннинг 11-дақиқасида терма жамоамиз аъзоси Илҳомжон Ҳамроев томонидан йўлланган зарба Венгрия дарвозаси турига бориб тушди.

Мазкур голдан кейин Венгрия терма жамоаси ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилди. Бироқ, совуққон ва ишончли ўйин намойиш этган Ўзбекистон футзалчилари устунликни сақлаб қолди.
Энди Венгрия-Ўзбекистон жамоалари ўртасидаги иккинчи ўртоқлик ўйини эртага 19 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Венгрияда ўтказиладиган учрашувлардан кейин Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари режага кўра, 21-22 сентябрь кунлари Амстердам яқинидаги Зейст шаҳрида Нидерландия терма жамоаси билан назорат ўйинларида майдонга тушади.
Т. Рўзиев, ЎзА