Чўлпон – юрт, миллат озодлиги курашчиси
(1938 йил 4 октябрда Чўлпон отиб ўлдирилган эди)
Ҳар бир миллатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам. Сир эмаски, етмиш йилдан ортиқ давр мобайнида давом этган собиқ шўро тузуми даврида халқимизнинг ана шу туйғуси топталди, тарихимизни холис ўрганишга, миллий, диний қадриятларимизни асраб-авайлашга йўл қўйилмади.
ХХ аср бошидаги октябрь тўнтариши оқибатида Туркистонда зўрлик билан ўрнатилган мустамлакачи советлар тузуми биринчи кундан бошлаб шу заминда яшаётган халқлар бошига сон-саноқсиз қирғинлар, даҳшатли ва аламли кулфатлар олиб келди. Бу даҳшатли тузимни халқларимиз қабул қилмади. Туркистон замининг илғор вакиллари истиқлол, эрк ва миллий-озодлик учун кураш олиб борди. Турли манбаларда таъкидланишича, бу курашда 1 миллион 900 минг нафар туркистонликлар Ватандан бош олиб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетди, Сибирга, Узоқ Шимолга, Украинага, Шимолий Кавказга, Уралга, Қозоғистонга, Узоқ Шарққа, Кавказ, Волгабўйи ҳудудларига бадарға қилинди.
– Айниқса, 1937-1938 йилларда ўта мудҳиш воқеалар юз берган, – дейди Андижон давлат университети қошидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов. – Хусусан, 1937 йилнинг 10 августидан 1938 йил 1 январгача Ўзбекистонда ўн минг етти юз киши қамоққа олинган. Булардан 3613 киши отилди, 7087 киши 8-10 йил муддатга қамалди.
Қатағон, аввало, дин хизматчилари, зиёлилар, жадидчилик ҳаракати вакилларига қаратилди. Минглаб зиёлилар асоссиз, ноҳақ, узоқ муддатга қамалди, сургун қилинди, отиб ташланди.
Ана шундай ноҳақликларга учраган зиёлилардан бири миллат фидойиси, жадидчилик ҳаракати фаоли Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон эди. У 1937 йил 13 июлда қамоққа олинган ва 1938 йилнинг 4 октябрида (айрим манбаларда 5 октябрь дейилади) “халқ душмани” сифатида отиб ташланган.
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1897 йилда Андижон шаҳрининг Қатортерак (ҳозирда Навоий шоҳкўчаси) маҳалласида савдогар – баззоз Сулаймонқул Муҳаммадюнус ўғли оиласида таваллуд топган.
Чўлпоннинг отаси ўз даврининг етук зиёлиси, маърифатпарвар кишиси бўлган. У “Расво” тахаллуси билан шеърлар ёзган, девон яратган.
Абдулҳамид Чўлпон замона тақозосига кўра, даставвал диний илм олади, сўнг араб, форс ва рус тилларини ўрганади. Турк ва татар муаллимларидан зарур дунёвий фанларни, айниқса, ҳисоб илмини пухта эгаллайди.
Чўлпоннинг ижоди 1913-1914 йиллардан бошланган бўлиб, у аввал “Қаландар”, “Мирзақаландар”, “Андижонлик” ва ниҳоят “Чўлпон” (Тонг юлдузи) тахаллуси билан ижод қилди. У ҳам шоир, ҳам носир, ҳам драматург сифатида ўзбек адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшди.

XIX асрнинг 2-ярмида жадидчилик ҳаракати юзага келиб, унинг намояндалари томонидан ҳаракат ғоялари кенг тарғиб этилди. Аср охирида Туркистон ўлкасига кириб келган мазкур ҳаракат ғоялари даставвал таълим тизимини ислоҳ этиш, замонавий – янги усул мактабларини жорий қилишни кўзда тутди. 1899 йилда Андижонда ҳам илк жадид мактаблари очилди. Чўлпон ҳам матбуот орқали жадидчилик ғоялари билан танишиб, унга эргашди. 17 ёшлариданоқ шу руҳда асарлар яратди. 1913 йили жадидчилик ҳаракатининг етакчиси Исмоил Ғаспралига хат ёзиб, унинг эътиборини қозонди. Шу даврдан бошлаб ўз мақсадини юрт истиқлоли ва тараққийсига сафарбар этишга бел боғлади ва умрининг охирига қадар бу йўлдан қайтмади.
Ўзбекистон миллий давлатчилиги тарихидаги илк демократик давлат сифатида 1917 йил ноябрь ойида Қўқонда ташкил этилиб, атиги 72 кун умр кечирган “Туркистон мухторияти” туркий халқларнинг ўзлигини англаши, истиқлол учун курашлари йўлидаги илк қадамлардан бири бўлган эди.
Туркистон мухторияти ташкил топиши биланоқ, унинг шодиёнасига атаб “Озод турк байрами” маршини ёзган 20 ёшли Чўлпон мухториятга кўп умид боғлайди. Уни олқишлаб, шеърлар ва мақолалар ёзади.
Чўлпоннинг отаси Сулаймонқул Қўқонда чиқадиган “Садойи Фарғона” газетасининг Андижондаги вакили ва мухбири бўлгани учун бўлажак шоир ҳаётида, унинг шаклланишида бу газетанинг роли катта бўлган. Секин-аста у аср бошларида шаклланган халқ оммасини янгиликка, маърифатга етаклаган, Туркистонни жаҳон миқёсида танилиши учун курашган жадидлар ҳаракати, фаолияти билан танишади. Жадидлар раҳбари Маҳмудхўжа Беҳбудий таълимоти ёш шоирда катта таассурот қолдиради.
Шоир ўзига Чўлпон тахаллусини 1914 йилда Мунаввар қори тавсиясига кўра олганлиги манбаларда қайд этилади. Шундан бошлаб ўз асарлари билан матбуотда фаол қатнашиб, ижодий доирасини кенгайтириб боради. 1922 йилда “Ўзбек ёш шоирлари” тўпламида 12 та шеъри эълон қилинади. Шу йили унинг илк мустақил тўплами “Уйғониш” чоп этилади. 1923 йилда “Булоқлар”, 1926 йилда “Тонг сирлари”, 1935 йилда “Соз” тўпламлари, шунингдек, 1936 йилда “Кеча ва кундуз” романи нашр этилади.
Араб, форс ва рус тилларини мукаммал билган Чўлпон ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб бадиий таржима билан ҳам шуғулланади. У рус ва жаҳон адабиётининг 50 га яқин машҳур асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, ўзига хос таржима мактабини яратган.

Чўлпоннинг бутун фаолияти айнан матбуот билан чамбарчас боғлиқ десак, муболаға бўлмайди. 1914-1915 йилларда “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона” газеталари билан ҳамкорлик қилган Чўлпон 1915-1917 йилларда Андижонда чоп этилган “Туркестанский голос” газетаси таҳририятида ишлаган. 1919 Фарғона шаҳрида чоп этилган “Янги Шарқ” газетаси таҳририятида фаолият олиб борган. 1919-1921 йилларда Россия Телеграф Агентлигининг Тошкент Эски шаҳар бўлими раҳбари ва айни пайтда ўзбекча деворий “РўсТО” газетаси муҳаррири бўлиб ишлайди. 1920 йил ёз мавзумида РўсТОнинг Андижон Эски шаҳар бўлими раҳбари ва газетанинг масъул муҳаррири вазифаларини бажарган.
1921 йил май ойидан 1922 йил июнь ойига қадар “Бухоро ахбори” газетаси масъул муҳаррири ва бир муддат Бухоро жумҳурияти давлат нашриёти мудири вазифаларини бажаради. 1922 йилда Тошкентда “Инқилоб” журнали ва “Туркистон” газеталарида фаолият олиб боради. 1923 йилнинг май ойидан бошлаб Андижонда ташкил этилган “Дархон” газетасида ишлайди.
1924-25 йиллар мобайнида “Фарғона”, “Туркистон”, “Қизил Ўзбекистон” газеталарида мухбир сифатида иш олиб борган. 1934 йилдан Тошкентда яшаб, “Муштум”, “Гулистон” журналлари ва “Театр” газетасида ишлайди.
Кенглик ҳаёллари учдими кўкка
Бутун умидларни ёвларми кўмди?
Мангу тутқунликка кирдими ўлка?
Хаёлда порлаган шамларми сўнди?
Кечанинг жон олғич қоронғулиги,
Нажод юлдузини хаёлми билди?
Шунча тутқунларнинг ҳаққи, ҳақлиги
Бир ҳовуч тупроққа қурбонми бўлди?
(“Амалнинг ўлими” шеъридан)
Чўлпон асарларида юқорида келтирилган сатрлар каби миллий руҳ, истиқлол, ватан мавзулари, халқнинг қайғу, дард-аламлари, ноҳақлик баланд пардаларда куйлангани мустабид тузумга ёқмайди. Шу боис, шоир ҳар қадамда таъқиб қилина бошлайди.
1927 йилда Чўлпонга нисбатан қаттиқ қоралов кампанияси авж олади. Шундан сўнг Чўлпон бир муддат матбуотдан чекиниб, таржима ва театр соҳасида фаолият юритади. Афсуски, бундай совуқ муносабат у қамоққа олингунга қадар давом этади.
Доимий таъқиб ва қоралашлар ортидан Чўлпон 1937 йил 13 июлда қамоққа олинади ва 1938 йилнинг 4 октябрда Тошкентда “халқ душмани” сифатида отиб ташланади.
Абдулҳамид ўғли Чўлпон 1956 йилда СССР Олий судининг Ҳарбий ҳайъати қарори билан унинг фаолиятида жиноят таркиби йўқлиги сабабли вафотидан сўнг расман оқланади.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг Чўлпон шахсига бўлган тарихий ҳақиқат тўла тикланди. Унинг барча асарлари чоп этилди. 1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди.
Андижон шаҳрида Чўлпон боғи ва майдони ташкил этилиб, ушбу майдонга унинг ҳайкали ўрнатилди.

Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг “Абдулҳамид Чўлпон ёдгорлик бўлими” ташкил этилди. Музейда Чўлпон ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ кўплаб экспонат, китоб ва қўлёзмалар сақланмоқда.
– Чўлпон туғилиб-ўсган хонадон сақланиб қолмаганлиги учун унинг номи билан аталувчи боғда, алоҳида бинода ёдгорлик музейи бунёд қилинган, – дейди музей ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Искандар Мадғозиев. – Музей экспозицияси замон талабларига мос тарзда 2019-2021 йилларда тўла янгиланган бўлиб, Чўлпон ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўзида акс эттирган 13 қисмдан иборат.
Бундан ташқари, менинг ташаббусим, жамоамиз саъй-ҳаракати билан Чўлпон таваллудининг 130 йиллиги олдидан “Сулаймонқул - Волаи Расво. Абдулҳамид Чўлпон. Фоиқа Сулаймон қизи. Сарчашма” деб номланган янги китоб нашр этилди.
Китобдан Сулаймонқул баззоз – шоир Волаи Расво ҳамда унинг икки фарзанди – Абдулҳамид Чўлпон ва Фоиқахонларнинг сара ижод намуналари ўрин олган. Тўпламнинг қимматли томони мутасаввиф шоир Волаи Расвонинг вафотидан қарийб бир аср ўтиб, адабий мероси жамланган қўлёзма девонидаги шеърлардан намуналар араб имлосидан жорий ёзувга табдил қилиниб, илк бор нашр этилди. Шунингдек, китобга Абдулҳамид Чўлпоннинг янги аниқланган ва бугунга қадар эълон қилинмаган 20 га яқин шеърлари, шоирнинг кичик синглиси Фоиқахон Сулаймон қизи қаламига мансуб шеърий машқлар ҳамда унинг акаси ҳақидаги хотиралари киритилган.
Чўлпон ана шу китобга киритилган ўзининг янги топилган, аввал эълон қилинмаган шеърларидан бирида шундай ёзади:
Тазаллум боди сарсардек келиб кечди диёримдан,
Шу соатдан бери ҳеч бир хабар йўқ нозли ёримдан.
Диёрим узра бепаён қоронғу кечалар кўрмоқ,
Жудо қилди мени охирги сабру ҳам қароримдан.
Кўтармоқ истадим бир дам асои ихтилолимни,
Яна ёнди диёрим ул кўтарган ихтилолимдан.
Самарсиз чиқди исёним, ҳавога кетди афғоним,
Ҳадар бўлди қаро қоним, шарарлар чиқди жонимдан.
Қадам қўйган эдим бир йўлғаким, поёни йўқ эрди,
Кириб ул йўлға айрилдим тамоми хонумонимдан.
Қаландар, фикри зикримни диёрим зулфина боғлаб,
Кечиб кетдим бу оламдан керакмас эътиборимдан.
Андижонда фаолият олиб бораётган Абдулҳамид Чўлпон жамоат фонди томонидан эса шоир ҳаёти, фаолияти ва ижодини кенг тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Қатор маънавий-маърифий тадбирлар, адабий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Андижонда “Чўлпон издошлари” анъанавий республика ёш ижодкорлар семинар-танлови ўтказилиши йўлга қўйилган. Анъанавий тарзда ўтказиладиган ижодий танловда мамлакатимизнинг ижодкор ёшлари назм, наср, публицистика ва болалар адабиёти йўналишларидаги ижодий ишларини намойиш этади.

Келгуси йили Чўлпон таваллудига 130 йил тўлади. Насиб этса, ана шу сана ҳам халқимиз томонидан муносиб нишонланади. Қолаверса, Халқаро туркий маданият ташкилоти - TURKSOY Ёзувчилар уюшмасининг яқинда Андижонда бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид томонидан келгуси йилни ТУРКСОЙга аъзо мамлакатларда “Чўлпон йили” деб эълон қилиниши юзасидан таклиф киритилди. Насиб этса, ана шу таклиф эътиборга олиниб, Туркий давлатларда 2027 йил – Чўлпон йили, деб эълон қилинса ажаб эмас. Бу шубҳасиз, Чўлпон ижодининг бутун турк дунёсида янада оммалашишига хизмат қилади.
Истиқлол маърифатпарвар, юрт, миллат озодлиги курашчиси Абдулҳамид Чўлпон ижодига янги умр берди. Мустақиллик шарофати билан унинг хотирасига чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда, фаолияти, ижоди кенг ўрганилмоқда, тарғиб этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, халқимиз Чўлпон сингари юрт, миллат фидойиларини ҳеч қачон унутмайди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири