Қатағон қурбонлари хотираси — тарихий адолат ва миллий хотира сабоғи
Баъзи сукутлар бор — орадан қанча йиллар ўтмасин, уларнинг оғирлиги камаймайди. Баъзи исмлар бор — йиллар давомида тилга олинмагани билан халқ хотирасидан ўчмайди. Баъзи тақдирлар бор — бир инсоннинг эмас, бутун миллатнинг бошидан кечирган фожиасини ўзида мужассам этади. Қатағон қурбонлари тарихи ана шундай оғриқли саҳифалардан биридир.
Ўтган асрнинг 20–50 йилларида собиқ совет тузуми доирасида амалга оширилган сиёсий қатағонлар Ўзбекистон ҳаётида ҳам чуқур из қолдирди. Айниқса, 1937–1938 йиллардаги оммавий қатағонлар халқимизнинг сиёсий, илмий, адабий-маданий ва маънавий ҳаётига катта талафот етказди. Бу жараёнда давлат ва жамоат арбоблари, зиёлилар, уламолар, ижодкорлар, деҳқонлар, ишчи-хизматчилар ва бошқа ижтимоий қатлам вакиллари турли айбловлар билан таъқиб қилинди.
Қамалган ота, фарзандларидан айрилган она, отасининг исмини йиллар давомида сир тутишга мажбур бўлган бола, асарлари тақиқланган адиб, минбардан узоқлаштирилган уламo, ўз юртида «халқ душмани» тамғасига дучор бўлган зиёли — қатағон тарихининг ҳақиқий қиёфаси ана шундай тақдирларда намоён бўлади.
Рақамлар тилга кирганда
1937 йил 30 июлда СССР Ички ишлар халқ комиссари Н.Ежов имзоси билан 00447-сонли махфий буйруқ қабул қилинган. У «собиқ қулоқлар, жиноятчилар ва бошқа советларга қарши унсурларни қатағон қилиш» операциясини белгилаб берган.
Ўрта Осиё республикаларида ушбу операция 1937 йил 10 августдан бошланган.
Ўзбекистонда 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача бўлган даврда жами 10 минг 700 киши қамоққа олинган. Уларнинг 5 минг 924 нафари «собиқ қулоқлар», 1 минг 679 нафари «жиноятчилар», 3 минг 97 нафари эса «советларга қарши унсурлар» сифатида қайд этилган. Шундан 3 минг 613 киши отувга, 7 минг 87 киши 8–10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.
Қатағон машинаси фақат сиёсий фаолларга қарши эмас эди. У жамиятнинг маънавий устунларига ҳам зарба берди. 1937 йил декабрида «учлик» қарори билан ҳукм қилинган 3 минг 644 кишининг 1 минг 464 нафари имом, эшон, мулла ва бошқа диний хизматчилар бўлгани ҳақида илмий манбаларда маълумотлар келтирилади.
Демак, қатағон сиёсати натижасида нафақат инсонлар, балки улар билан бирга илм, маърифат, миллий тафаккур, диний-маънавий мерос ва жамиятнинг табиий интеллектуал салоҳияти ҳам катта йўқотишларга учради.
Тарихга назар ташласак, қатағон қурбонлари орасида миллат маънавий ҳаётида ўзига хос ўрин тутган кўплаб сиймолар борлигини кўрамиз. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори Абдурашидхонов, Усмон Носир, Файзулла Хўжаев сингари юрт фарзандларининг тақдири бунинг яққол далилидир. Уларнинг ҳаёти ва фаолиятида бир жиҳат муштарак — улар халқнинг маърифати, миллий онги, тараққиёти ва эркин фикри учун хизмат қилган эди.
Хотира — ўтмишга эмас, келажакка қараш
Тарихни эслашнинг маъноси фақат ўтмишдаги фожиаларни санаб ўтишдан иборат эмас. Хотира инсонни бугунги кун ҳақида ўйлашга, эртанги кун олдида масъулият ҳис қилишга ундайди. Шу маънода қатағон қурбонларини хотирлаш — уларнинг исмларини ёдга олишдан кўра кенгроқ тушунча.
Ўзбекистонда истиқлол йилларида бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланади. «Шаҳидлар хотираси» мажмуаси, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолият юритмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилда қатағонга учраган юртдошларимизнинг ҳар бири бўйича изланиш олиб бориш, уларнинг номларини тиклаш, ҳаёти ва фаолияти ҳақида китоблар яратиш, хотирасини абадийлаштириш муҳимлигини таъкидлаган эди.
Бу йўналишдаги ишлар бугун ҳам давом этмоқда. 2025 йил 4 ноябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 691-сон қарори билан 2025–2026 йилларда қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ҳужжатда қатағон қурбонларининг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш, улар ҳақида китоблар тайёрлаш, маҳаллаларда «Хотира лавҳаси»ни ўрнатиш, таълим муассасаларида маърифий тадбирлар ўтказиш каби вазифалар белгиланган.
Айниқса, дастурда сўнгги саккиз йилда номлари тикланган 1,2 мингдан зиёд аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритиш вазифаси белгилангани эътиборга молик.
Ҳали тикланиши керак бўлган қанча тақдирлар бор? Биз қатағон қурбонларининг машҳур номларини биламиз. Аммо номи китобларга кирмаган, сурати архив жавонларида қолган, тақдири бир оила хотирасидагина сақланган қанча инсон бор?
Шунинг учун бу борадаги тадқиқотларни янада чуқурлаштириш, архив ҳужжатларини илмий муомалага кенг киритиш, қатағон қурбонларининг авлодлари билан суҳбатлар ўтказиш, уларнинг шахсий архивларини ўрганиш, ҳудудлар кесимида электрон маълумотлар базасини яратиш муҳим.
Ҳар бир топилган ҳужжат — бир оиланинг йиллар давомида жавобсиз қолган саволига жавоб. Ҳар бир оқланган инсон — тарихий адолатнинг тикланиши. Қатағон қурбонларини хотирлашнинг энг катта самараси шундаки, биз тарихни фақат қайғу билан эмас, хулоса билан ўрганишимиз керак.
Бугун юртимизда тарихий хотирани тиклаш, миллий меросни асраш, маърифатпарвар аждодлар ҳаёти ва илмий-ижодий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда музейлар, архивлар, таълим муассасалари, илмий тадқиқот марказлари ва оммавий ахборот воситаларининг вазифаси бир-бири билан узвий боғлиқ.
Зеро, тарихни билган авлод ўзлигини яхшироқ англайди. Ўзлигини англаган авлод эса эркинликнинг қийматини чуқурроқ ҳис қилади. Қатағон қурбонлари хотираси шу жиҳатдан бизга қаратаётган жим, аммо кучли бир даъватдир: ҳеч бир миллат ўз тарихини унутмаслиги керак.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА