Боғлардан мўл ҳосил олиш кузги парваришдан бошланади
Булоқбоши туманида қишлоқ хўжалиги экинлари, боғ ва токзорларда фитосанитария барқарорликни таъминлаш, зарарли организмларнинг қишловчи манбаларини камайтириш, умуман, кузги агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Андижон вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси ҳамда қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган семинарда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тизимида фаолият юритувчи ўсимликлар карантини ва ҳимояси йўналишидаги инспекторлар, фитосанитария лаборатория ходимлари ва мутахассислар, фермер хўжаликлари вакиллари, боғбонлар иштирок этди.
– Семинарни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, кузги агротехник тадбирларни самарали ўтказиш бўйича боғбонлар, мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган, – дейди вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Маҳмуджон Исроилов. – Шунингдек, ҳудудларда фитосанитар тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш, ҳамда фермер ва боғдорчилик хўжаликларига самарали услубий кўмак кўрсатишдан иборат.


Тадбирда вилоят Озиқ-овқат маҳсулотлари бош бошқармаси ходимлари, соҳа мутахассислари, институт олимлари томонидан куз-қиш мавсумида боғларда амалга оширилиши лозим бўлган фитосанитар ва агротехник тадбирлар юзасидан кенг тушунча ва маълумотлар берилди.
Шунингдек, мевали дарахтларга тўғри ва сифатли шакл бериш, зараркунандаларга қарши курашда кимёвий воситалардан фойдаланишни камайтириш мақсадида алдамчи тутқич белбоғларни боғлаш ҳамда кузги назорат ер ковлаш жараёнлари амалий машғулотлар орқали кўрсатиб берилди.
Иштирокчилар мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, илғор тажрибалардан фойдаланиш бўйича ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирди.


Қайд этилишича, жорий йилда вилоятдаги 19 минг гектардан ортиқ мевали боғларда кузги агротехник тадбирларни ўтказиш, зарарли организмлар миқдорини аниқлаш учун алдамчи тутқич белбоғларни бойлаш ҳамда 50 минг гектар майдонда кузги назорат ер ковлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Айни кунда бу борадаги ишлар белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.
Шунингдек, семинар давомида фермер, боғбон ва мутахассислар ўртасида соҳада қилиниши зарур бўлган бошқа муҳим ишлар юзасидан ҳам савол-жавоблар бўлди.
Куз-қиш мавсумида профилактик ва агротехник тадбирларни тўғри ташкил этиш, зарарли организмлар тарқалишининг олдини олиш, боғларнинг фитосанитария ҳолатини яхшилашга қаратилган ишлар халқимиз дастурхонини сифатли экологик тоза маҳсулотлар билан таъминлашга кўмак беради.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири