Тошкентда Туркия билан ҳамкорликда янги марказ фаолият бошлади
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик нафақат сиёсий ва иқтисодий соҳаларда, балки илм-фан ҳамда юқори технологиялар йўналишида ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги Ёшлар марказида икки давлат ҳамкорлигининг навбатдаги амалий намунаси бўлган “Билим Тошкент” илм-фан ва технологиялар марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Туркия технология жамоаси жамғармаси Бошқарув кенгаши раиси Элван Кузужу, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Уфук Улуташ, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, Ёшлар ишлари агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Беш ташаббус лойиҳа офиси” ҳамда Туркия технология жамоаси жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур янги марказ ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Бу ерда ёшлар робототехника, сунъий интеллект, авиация, космик технологиялар ва аниқ фанлар бўйича амалий билим олиш, шунингдек, хорижий тилларни интерактив усулларда ўрганиш имкониятига эга бўлади.

Марказ ёшларнинг илм-фан ва инновацияларга қизиқишини ошириш, уларни халқаро таълим ва меҳнат бозорига тайёрлашга қаратилган.
Бир сўз билан айтганда, “Билим Тошкент” марказининг фаолият бошлаши пойтахт ёшларининг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, келажак ихтирочилари ва етук мутахассисларни тайёрлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Г.Бобоева,
ЎзА