Беш йиллик фаолият сарҳисоб қилинди
Хоразм вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмасининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Унда ҳудудий бирлашманинг 2020-2025 йиллар давомидаги фаолияти таҳлил этилди. Шу юзасидан бирлашма раиси Ҳамиджон Рўзаковнинг ахбороти тингланди.
Таъкидландики, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий база товарлар, ишлар ва хизматларнинг сифати, хавфсизлиги ва нархи, улар ҳақида ахборот бериш, шартнома муносабатлари, тўловлар, электрон савдо, коммунал хизматлар, транспорт, банк-молия, соғлиқни сақлаш, таълим, қурилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда бошқа соҳалардаги муносабатларни қамраб олади. Корхона, ташкилот, муассаса ва ўқув юртларида 35 та истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “таянч гуруҳ”лари бўлган ва федерация сафига 34 минг аъзони жамлаган ҳудудий бирлашма беш йил давомида коммунал соҳаларда ўтказилган мониторинг ва эшитувлар натижасида аҳоли фойдасига 5,5 миллиард сўмдан ортиқ нореал қарздорликларни кечиб берилишига эришган.
– Ҳисобот даврида фуқаролардан келиб тушган 4 минг 291 та мурожаат ходимларимиз томонидан ўрганилиб, 3 минг 11 таси ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчиларга етказилган жами 25 255 890 858 (йигирма беш миллиард икки юз эллик беш миллион саккиз юз тўқсон минг саккиз юз эллик саккиз) сўм зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди, – дейди ҳудудий бирлашма раиси Ҳамижон Рўзаков. – Шундан 12 миллиард сўм маблағ суд органлари орқали истеъмолчилар фойдасига ҳал этилишига эришилди. Бошқа мурожаатлар юзасидан 1 минг 287 нафар фуқарога муаммоларига ечим топиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бевосита ходимларимиз томонидан 1 минг 600 нафар аҳолига муаммоларини жойида бартараф этилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Тадбирда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сўнгги йилларда Урганч ва Хива шаҳарларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган қатор халқаро форум ва анжуманлар ўтказилган. МДҲ давлатлари, Осиё ва Европа мамлакатларидан экспертлар, жамоат ташкилотлари ва халқаро институтлар вакиллари иштирок этган бундай анжуманлар миллий қонунчиликни такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-32285]
Конференцияда 2026-2030 йиллар учун асосий фаолият йўналишларини ривожлантириш дастури юзасидан Ҳудудий бирлашма раиси ўринбосари-ижрочи директори Сардор Дўстчановнинг ҳам ахбороти тингланди.
Шундан сўнг, ҳудудий бирлашманинг кенгаш аъзолари таркиби тасдиқланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг навбатдаги ҳисобот конференциясига делегатлар ҳам сайланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари