Дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати билан бир қаторда, талабалар спортини ривожлантириш йўналишида ҳам кенгайиб бормоқда.
Бу борада қўшма тадбирлар, спорт мусобақалари ва маданий-маърифий учрашувлар ташкил этилиб, икки мамлакат ёшлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ана шундай ҳамкорлик тадбирларидан бири сифатида Тошкент шаҳрида Россия ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабалари ўртасида III Универсиада ўтказилди.
"Россотрудничество"нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Асия Эрдниеванинг сўзларига кўра, мусобақаларда 14 та олий таълим муассасасидан қарийб 400 нафар талаба спортнинг бир неча тури бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Дастурдан йигитлар ўртасида мини-футбол, шунингдек, қизлар ва йигитлар ўртасида баскетбол, волейбол ҳамда шахмат мусобақалари ўрин олди.
– Албатта, бундай мусобақалар нафақат талабаларнинг спорт маҳорати ва салоҳиятини намоён этиши, балки улар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Якуний натижаларга кўра, универсиаданинг бош совринини М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали жамоаси қўлга киритди. Жамоа икки олтин, уч кумуш ва бир бронза медалига сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндорларга медаллар эсдалик совғалари ҳамда сертификатлар топширилди. Бу каби тадбирлар олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва талабалар спортини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга, – деди А.Эрдниева.
Таъкидлаш керакки, универсиада нафақат талабаларнинг спортдаги ютуқларини намоён этиш, балки икки мамлакат ёшлари ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашишлари учун ҳам муҳим майдон бўлди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА