Банк-молия академияси: Иқтисодиётга 202 нафар магистр (+видео)
Ўзбекистондаги етакчи молия академияси битирувчиларига дипломлар топширилди. Бу тантана билан бир қаторда, исломий молия бўйича янги имкониятлар ва мамлакат иқтисодиёти келажаги учун муҳим қадамлар эълон қилинди.
Банк-молия академиясида ўтказилган навбатдаги магистрлар битирувига бағишланган тадбир хушхабардан бошланди. Яқинда ушбу даргоҳ «Ислом иқтисодиёти ва молияси» мутахассислиги бўйича махсус давлат аккредитацияси сертификатига эга бўлди. Ўз навбатида бу янгилик тингловчиларга исломий молия ва банк иши, шариатга мувофиқ молиявий инструментлар, сармоялар, таваккалчиликларни бошқариш ҳамда замонавий молиявий механизмлар бўйича чуқур назарий ва амалий билим бериш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Албатта, бу эътироф йиллар давомида таълим соҳасида олиб борилган ислоҳотларнинг меваси дейиш мумкин. Бугун қайси бир битирувчи билан суҳбатлашманг, замонавий таълим, чуқур билим ва тафаккурга эга бўлганини тўлқинланиб гапиради.
Ушбу таълим муассасасида банк-молия соҳаси учун чуқур назарий билим, замонавий касбий кўникмалар ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сенаторлар, Россиянинг Олий иқтисодиёт мактаби Миллий тадқиқот университети раҳбарияти, Марказий банк, вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларнинг масъул вакиллари, профессор-ўқитувчилар иштирок этган тадбирда битирувчилар шаънига илиқ сўзлар айтилди, уларнинг Ўзбекистон тараққиётига катта ҳисса қўшишларига ишонч билдирилди.
- Бизнинг Банк-молия академияси мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун зарур бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади, - дейди Банк-молия академияси ректори Элмурод Ҳошимов. Академияда таълим жараёни замонавий ёндашувлар, амалий кўникмалар ва халқаро тажриба билан уйғунлаштирилмоқда. Айниқса, нуфузли хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш Академия фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Энг қувончли ва ҳаяжонли лаҳзаларда ўқув даргоҳни магистратура босқичида таҳсил олган 202 нафар битирувчига магистрлик дипломлари тантанали равишда топширилди. Улар орасида Банк-молия академияси ва Россиянинг Олий иқтисодиёт мактаби Миллий тадқиқот университети ўртасидаги қўшма таълим дастури асосида таҳсил олган 10 нафар битирувчи ҳам бор. Бу мазкур халқаро ҳамкорликнинг амалий натижаларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, Академияда таҳсил олган магистрлар бугунги кунда банк-молия тизими, давлат бошқаруви, йирик молия институтлари ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритиб, ўз билим ва салоҳиятини мамлакатимиз тараққиёти учун йўналтириб келмоқдалар.
Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, ЎзА