АҚШ Япониядаги ҳарбий базасига "BYD" электромобиллари киришини тақиқлади
АҚШнинг Япониянинг Окинава оролида жойлашган энг йирик ва муҳим ҳарбий-ҳаво базаларидан бири “Кадена” хавфсизлик нуқтаи назаридан Хитойнинг “BYD” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган электромобилларнинг ҳудудга киришини тақиқлади.
Бу чеклов нафақат хизмат ва етказиб бериш машиналарига, балки шахсий ва такси автомобилларига ҳам татбиқ этилиб, назорат-ўтказиш пунктларидаги ҳарбийларга ушбу маркали транспорт воситаларини киритмаслик ва орқага қайтариш бўйича кўрсатма берилган.
Қўшма Штатлар ҳарбий ҳаво кучлари вакилларининг таъкидлашича, бундай замонавий автомобиллар таркибидаги видеокамералар, сенсорлар ва GPS тизимлари орқали махфий маълумотлар сиздирилиши мумкинлиги шахсий таркиб ва оператив вазифалар учун жиддий хавф туғдиради.
Таъкидлаш жоизки, бундай чекловлар илк бор қўлланилаётгани йўқ: аввалроқ, Пентагон “Huawei”, “ZTE”, “Nio” ва “Alibaba” каби йирик ХХР компанияларини “қора рўйхат”га киритган эди.
Ўз навбатида, Пекин ҳам 2021 йилда камералар билан жиҳозланган Американинг “Tesla” автомобилларига нисбатан давлат идоралари ҳудудига киришни чеклаган, аммо 2024 йилга келиб бу тақиқни бекор қилган.
Жаҳон бозорида “Tesla”ни ортда қолдириб, электромобиллар савдоси бўйича етакчига айланган “BYD” компанияси ҳозирча ушбу қарорга расмий муносабат билдирмади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА