Қозоғистонда маҳаллий кенгашлар тарқатилиши ҳокимликлар фаолиятига таъсир қилмайди
Қозоғистонда маҳаллий вакиллик органлари ваколатининг муддатидан олдин тугатилиши ҳокимлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятига таъсир қилмайди. Бу ҳақда мамлакат Миллий иқтисодиёт вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик маълум қилишича, маҳаллий вакиллик органлари - маслиҳатлар тарқатилган тақдирда ҳам ҳокимликлар қонунчиликда белгиланган вазифаларини бажаришда давом этади. Бу ҳудудларда давлат бошқарувининг узлуксизлигини ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид масалалар ўз вақтида ҳал этилишини таъминлайди.
Шунингдек, ўлкадаги «Маҳаллий давлат бошқаруви ва ўзини ўзи бошқариш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, маслиҳат депутатларининг ваколатлари муддатидан олдин тугатилганда ҳам аппарат ходимлари ўз фаолиятини давом эттиради.
Навбатдан ташқари сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш Марказий ҳамда ҳудудий сайлов комиссиялари зиммасига юклатилган. Вазирлик бу борада ҳокимликларга қўшимча кўрсатмалар юбориш зарурати йўқлигини билдирган.
Маълумот ўрнида: Маслиҳат - Қозоғистондаги маҳаллий вакиллик ҳокимияти органи, яъни халқ томонидан сайланадиган депутатлар кенгаши. Республика президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 12 октябрда барча даражадаги маслиҳатлар ваколатини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Марказий сайлов комиссияси қарорига мувофиқ, навбатдан ташқари сайловлар жорий йил 29 ноябрда ўтказилади. Сайловда еттита сиёсий партия иштирок этишига рухсат берилган.
А.Маматов, ЎзА