51 миллион сўмлик пиротехника воситалари тўхтатиб қолинди
Наманган вилоятининг Поп туманида жойлашган Наманган ЙПХ масканида пойтахтга сотиш мақсадида олиб кетилаётган, дастлабки қиймати 51 миллион сўмга тенг бўлган 2 турдаги жами 197 дона салют пиротехника воситалари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси маълум қилди.
Хабарда қайд этилганидек, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда Божхона қўмитаси Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармаси ходимлари томонидан ДХХ ва ИИБ ЙПХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида фуқаро бошқарувидаги “ПОРТЕР” русумли автомашина Наманган вилоятининг Поп туманида жойлашган Наманган ЙПХ масканида тўхтатилиб, инспекцион кўрик мажмуаси ёрдамида текширувдан ўтказилди.
Текширув жараёнида автомашина юкхонасига махсус ясалган яширин бўлмага жойлаштирилган, дастлабки қиймати 51 миллион сўмга тенг бўлган 2 турдаги жами 197 дона салют пиротехника воситалари аниқланган ва ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
М.Комилова,
ЎзА