Сенат: абонентларнинг розилигисиз уларни пуллик хизматларга улаб қўйиш ҳолатларига чек қўйилди
Сенат ялпи мажлисида ўтган йилда сенаторлар томонидан амалга оширилган ишлар амалий натижаларига тўхталиб ўтилди.
Пойтахтнинг Яккасарой туманини ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари доирасида иккита замонавий мактаб биноси барпо этилди. Битта тиббиёт муассасаси, иккита кўп қаватли уй мукаммал таъмирланди. Электр, сув тармоқлари янгиланиб, ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ялпи мажлислардаги эшитувлар, парламент сўровлари орқали масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳудудлар, соҳа ва тармоқлардаги долзарб масалаларга ечим топиш эътибор марказида бўлди.

Мисол учун, Марказий банк бошқаруви раисининг ҳисоботи эшитувида кўтарилган масала, яъни кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиққан бўлишига қарамасдан, тижорат банклари томонидан Фуқаролик кодекси қоидаларига зид равишда тадбиркорлик субъектларидан кредит фоизи ва пеня ундириш ҳолатлари ўрганилди. Натижада 181 миллиард сўмдан зиёд ортиқча ҳисобланган ёки ундирилган маблағлар тадбиркорларга қайтарилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил маърузасида қайд этилган – Бўстонлиқ, Янгиер, Шеробод ва Ғаллаорол туманлари ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, зарур шароитлар яратилиши таъминланди.

Болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилган парламент сўровида кўтарилган кўплаб масалалар Президентимиз қарори билан тасдиқланган кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш ташкил этилди. Бу келгуси беш йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурига киритилиб, зарур ресурслар йўналтирилди.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Мажбурий ижро бюросига юборилган парламент сўрови доирасида давлат ижрочиларининг иш ҳажми меъёрлари қайта кўриб чиқилди. Улар фаолияти самарадорлигини ошириш, тизимда масъулият ва жавобгарликни кучайтириш чоралари белгиланди.
– Жойлардаги муаммоли масалаларни ялпи мажлис минбарига олиб чиқиб, масъул вазирлик, идоралар билан биргаликда ҳал этишга қаратилган амалиёт самарали олиб борилди, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Ҳамкасбларимиз кўтарган 10 дан зиёд масала, хусусан, сув, электр, йўл, ижтимоий, маданий объектлар ҳолатини яхшилаш, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид муҳим масалаларни ҳал қилиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Хусусан, Қибрай тумани Мирзо Улуғбек маҳалласида электр таъминоти бўйича кўтарилган масала юзасидан барча зарур чоралар кўрилиб (янги трансформатор, кабель, симёғочлар ва ҳ.к.), 2,5 мингга яқин аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.
Қашқадарё вилоятидаги кўзи ожизлар махсус кутубхоналари ҳолати юзасидан кўтарилган масалага ҳам ўз вақтида эътибор қаратилди. Миришкор, Яккабоғ, Деҳқонобод, Нишон, Қамаши туманлари кутубхоналаридаги шарт-шароитларни яхшилаш учун зарур ресурслар ажратилди. Жорий йилда вилоятнинг қолган туманларида ҳам бундай махсус кутубхоналар ҳолати яхшиланади.
Мобиль алоқа абонентларнинг розилигисиз уларни пуллик хизматларга автоматик тарзда улаб қўйиш ҳолатлари юзасидан сенатор Қутбидин Бурҳонов кўтарган масала бўйича ҳам аниқ чоралар кўрилди. 26 январь куни Ўзбекистонда телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари янги таҳрирда қабул қилинди.
Унга кўра, эндиликда абонентларнинг розилик тасдиғини олмасдан хизматларни автоматик улашга ёки дастлаб бепул бўлган хизматларни пулли қилишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, контент провайдерлари томонидан абонентларга тақдим этиладиган барча пулли хизматлар дастлаб нофаол ҳолатда бўлиши керак.
Содда қилиб айтганда, бундан буён керак-нокерак хизматлар улаб қўйилгани учун телефоннинг пули тугаб қолиши ҳолатларига барҳам берилади.
Умуман олганда, киритилган янги қоидалар мобиль телефон абонентлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сезиларли даражада кучайтиради (Мазкур қоидалар апрель ойи охирида кучга киради).
Худди шу тарзда, муаммоли масалаларни сенатор сўрови воситасида ҳал қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Йил давомида ижро органларига 150 дан зиёд сенатор сўрови юборилиб, эътибордан четда қолган турли муаммолар (лицензиялаш, суғурта, транспорт хизматлари ва ҳ.к.) тизимли ҳал қилиш чоралари кўрилди.
Умуман олганда, Сенатнинг назорат-таҳлил фаолияти доирасидаги барча ишлар Президентимиз олиб бораётган халқни рози қилиш сиёсатига ҳамоҳанг тарзда амалга оширилмоқда.
Норгул Абдураимова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА