Зиёлилар маърифий сафарбарлик йўлида янада ҳамжиҳат бўлишди!
«Маърифат ҳафталиги» – илм, тафаккур ва эзгу ташаббусларни бирлаштирган умуммиллий маърифий ҳаракатга айланмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат марказида «Маърифат ҳафталиги» доирасида ҳудудий тарғибот гуруҳлари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга ошириладиган кенг кўламли маънавий-маърифий лойиҳаларга пухта тайёргарлик кўриш, зиёлиларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш ҳамда аҳоли билан самарали мулоқотларни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг октябрь–декабрь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган маърифий тадбирлардан кўзланган мақсад – илм-фан, адабиёт, санъат ва маънавият аҳлини эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириш, уларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва салоҳиятини жамият тараққиётига йўналтиришдан иборат.
«Маърифат ҳафталиги» бу шунчаки тадбирлар ҳафталиги эмас, балки жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, инсон қалбига эзгулик уруғини экиш ва ёш авлодни юксак мақсадлар сари руҳлантиришга қаратилган муҳим ташаббусдир.

Лойиҳа доирасида олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, зиёлилар ҳамда маънавий-маърифий соҳа вакиллари ҳудудлардаги тарғибот ишларига жалб этилади. Улар маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда аҳоли билан юзма-юз учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва маърифий тадбирлар ўтказиб, бугунги куннинг долзарб масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва амалий тавсиялари билан ўртоқлашадилар.
Ўқув-семинар давомида ҳудудий тарғибот гуруҳларининг асосий вазифалари, фаолиятнинг устувор йўналишлари ҳамда кутилган натижалар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, зиёлиларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, аҳолининг турли қатламлари билан манзилли ишлаш, замонавий тарғибот усулларини жорий этиш ҳамда маънавий-маърифий тадбирларнинг амалий самарадорлигини ошириш масалаларига урғу берилди.
Семинарда «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ҳамда Прогрессив ислоҳотлар маркази экспертлари ҳам иштирок этди. Улар оила ва ёшлар билан ишлаш, долзарб ижтимоий муаммоларга илмий-амалий ечимлар топиш, турли аудиториялар билан самарали мулоқот олиб бориш ва замонавий тарғибот усулларидан фойдаланиш бўйича тавсиялар бердилар.

Мутахассислар томонидан оила мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёшлар тарбияси, миллий қадриятлар, ватанпарварлик, диний бағрикенглик, ахборот таҳдидларига қарши маърифий ёндашув ва меҳнат жамоаларида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш каби муҳим мавзуларда маърузалар қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ҳар бир инсоннинг қалби ва онгига таъсир кўрсата оладиган самарали мулоқот шаклларини қўллаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун эса аҳолининг фикр ва таклифларини тинглаш, мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиш ҳамда уларнинг ечимига жамоатчиликни кенг жалб этиш зарур.
Айниқса, маҳаллаларда турли ижтимоий қатламлар билан манзилли ишлаш, ёшларда мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, уларни ёт ғоялар ва ахборот хуружларидан асраш, маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўқув-семинарда ҳудудларга сафарбар этиладиган тарғибот гуруҳлари аъзолари — олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, зиёлилар ҳамда диний-маърифий соҳа вакиллари бевосита иштирок этдилар. Республика Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий раҳбарлари эса семинарда ZOOM платформаси орқали қатнашдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, «Маърифат ҳафталиги»нинг бош ғояси зиёлилар салоҳиятини бирлаштириш, илм-фан ва тафаккур ютуқларини кенг тарғиб қилиш, эзгу ташаббусларни ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила ва ҳар бир ёш қалбига етказишдир. Зеро, жамият тараққиёти, аввало, инсон маънавияти, тафаккури ва эзгуликка бўлган интилиши билан чамбарчас боғлиқ.
Семинар якунида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти катта ўқитувчиси Раъно Аҳмедова ҳамда Прогрессив ислоҳотлар маркази масъул ходими Саодат Умарова «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолигига қабул қилинди.
Қайд этиш жоизки, «Маърифат ҳафталиги» Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Маърифатли жамият – тараққиёт таянчи. Зиёлилар бирлашган, илм ва маърифат устувор бўлган юртда эзгулик, ҳамжиҳатлик ва бунёдкорлик ғоялари янада мустаҳкам қарор топади. «Маърифат ҳафталиги» эса ана шу эзгу мақсадлар сари ташланган муҳим қадамдир.
Н.Усмонова, ЎзА