“Zakovat-Quiz” интеллектуал мусобақаси ўтказилди
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида профессор-ўқитувчи аёллар ўртасида “Zakovat-Quiz” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Мусобақадан кўзланган асосий мақсад – ўқитувчи ва мураббийлар байрамини мазмунли ўтказиш, профессор-ўқитувчилар ўртасида дўстлик ва ижодий муҳитни янада мустаҳкамлаш, уларнинг интеллектуал салоҳияти, дунёқараши ва жамоа бўлиб ишлаш кўникмаларини намоён этиши учун имконият яратишдан иборат.

Мусобақа давомида иштирокчиларга тарих, фан, адабиёт, санъат, маданият, мантиқ ва бошқа соҳаларга оид саволлар берилди. Ҳар бир савол жамоалардан чуқур билим билан бирга тезкор фикрлаш, мантиқий таҳлил ва тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини ҳам талаб этди.

Қизғин ва байрамона руҳда ўтган ўйин якунида биринчи ўрин Мактабгача ва бошланғич таълим факультети, иккинчи ўрин Аниқ фанлар факультети, учинчи ўрин Тарих факультети жамоаларига насиб этди.
Иштирокчилар ва ғолиблар диплом, медаль, фахрий ёрлиқ ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тайёрланган байрам совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири