Ёшлар куни: Инсон капитали ва янги имкониятлар(+видео)
Келажакнинг муҳим пойдевори нима? Университетда ёшларнинг билим, кўникма ва салоҳиятини оширишга қаратилган махсус тадбирлар ўтказилиб, уларнинг шахсий ва касбий тараққиётига эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанбаси “Ёшлар куни” сифатида белгиланиб, бу орқали ёшлар муаммосини яқиндан ўрганиш, уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган. Сана муносабати билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида талаба-ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, “Келажак соати” дарси билан бошланган тадбирларда “Инсон капитали нима ва нега у муҳим?” мавзусида мазмунли суҳбат ва фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Машғулот давомида инсон капиталининг шахс, жамият ва мамлакат тараққиётидаги ўрни атрофлича тушунтирилди. Таъкидланишича, инсон капитали мамлакат учун иқтисодий ўсиш ва рақобатбардошликнинг муҳим манбаи, жамият учун эса фаровонлик, ижтимоий барқарорлик ва янги имкониятларни юзага чиқарувчи омилдир. Шахс учун билим, кўникма, тажриба ва салоҳиятни ривожлантириш профессионал ўсиш, даромад ва ҳаётий танлов имкониятларини кенгайтиради.
“Келажак соати” доирасидаги машғулотларда ёшларнинг ўз устида мунтазам ишлаши, замонавий билим ва касбий кўникмаларни эгаллаши, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиши ҳамда келажакдаги мақсадларини аниқ белгилаб олиши муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Шу куни университетда ташкил этилган тўгараклар намойиш этилиб, талабаларга ўз тенгдошларининг турли йўналишларда эришаётган ютуқлари ва қўшимча даромад манбалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, спорт тўгаракларида ёшлар фаол иштирок этиб, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини мустаҳкамладилар. Компьютер тўгаракларида фрилансерлик фаолиятининг асослари ва ундан даромад топиш йўллари ўргатилди. Пазандачилик тўгарагида турли таомларни тайёрлаш сирлари, тикувчилик тўгарагида эса тикиш-бичиш бўйича амалий кўникмалар такомиллаштирилди. Гўзаллик тўгарагида замонавий парвариш, гўзаллик ва эстетикага оид амалий машғулотлар ёшларнинг эътиборини тортди.
Бу каби “Ёшлар куни” тадбирлари нафақат талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, балки уларга янги билим ва амалий кўникмаларни эгаллаш, қизиқишларини ривожлантириш ҳамда келгусида қўшимча касбий ва ҳаётий имкониятларга эга бўлишлари учун мустаҳкам замин яратади.
Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Искандар Исматов, ЎзА