Ёшлар коррупцияга қарши
Шифокорлик инсон ҳаёти ва саломатлигини ишониб топширадиган энг шарафли, шу билан бирга улкан масъулият талаб этадиган касбдир. Бу соҳада ҳалоллик ва поклик ҳаводек зарур. Айни кунларда Урганч давлат тиббиёт институтида “Ёшлар коррупцияга қарши” шиори остида ўтказилаётган кенг қамровли тарғибот тадбирлари ҳам талаба-ёшлар қалбида ана шу эзгу фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ташкил этилган учрашувда коррупциявий ҳуқуқбузарликлар, манфаатлар тўқнашуви, мурожаат қилиш тартиби ва соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари юзасидан тушунчалар берилди.

– Биласизми, тиббиёт соҳасини танлаган ҳар бир талаба аввало инсон камолоти ва саломатлиги учун курашишни мақсад қилади, – дейди талаба Гулшода Абдуллаева. – Бугунги учрашув биз учун шунчаки назарий маъруза бўлмади, балки келажакдаги касбий фаолиятимиз пойдеворини ҳалоллик билан қуриш зарурлигини яна бир бор англатди. Учрашувда манфаатлар тўқнашуви, мурожаат қилиш механизмлари ва қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида жуда фойдали маълумотлар олдик.

Замонавий тиббиёт марказига айланиб бораётган даргоҳда ташкил этилаётган бу каби очиқ мулоқотлар бўлажак мутахассисларнинг нафақат билимли, балки юксак маънавиятли ва пок виждонли инсонлар бўлиб камол топишига хизмат қилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири