
Икки карра жаҳон чемпиони, халқаро ва турли нуфузли биринчиликлар ғолибига айланган қоракўллик ўқувчи ўзининг “Атом” номли роботини янада мукаммаллаштириш устида иш олиб бормоқда. Ёш ихтирочининг ишланмалари ўз мукаммаллиги билан ажралиб туради.
Бугунги ёшларнинг замонавий касб-ҳунар сирларини ўрганишга бўлган иштиёқи уларни янги ихтиролар сари ундамоқда. Айниқса, йигит-қизларнинг робота-техникага бўлган қизиқиши тобора ортяпти.
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 18-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Алмир Мухторов ҳам ҳозирда янги ғоялар устида бош қотирмоқда. У дастлаб кичкина ишланмалари билан туман ва вилоят биринчиликларида иштирок этган бўлса, ўтган икки-уч йиллик тажрибаси уни халқаро майдонлар сари етаклади. Алмир ҳозирда ўзининг “Атом” номли роботини мукаммаллаштириш устида иш олиб бормоқда.

– Роботимиз қўлимни кўтарсам, қўлини кўтаради, –дейди Алмир Мухторов. – Юради, гапира олади ва одамларнинг юкини енгил қилиб кўтариб беради. Ундан ташқари, ўзини ҳимоя қила олади. Чунки бунга жуда қаттиқ корпус ўрнатилган. Ман икки марта жаҳон чемпионати ва бир марта халқаро мусобақада биринчи ўринни эгалладим.
Алмирнинг келгусидаги ниятлари ҳам жуда улкан. У аввало инсон жисмоний имконияти етмайдиган манзилларда бемалол ишлай оладиган техникалар ихтиро қилишни режа қилмоқда. Кичкина қадамлар катта мақсадлар сари элтаётганини айнан Алмир Мухторов мисолида кўриш мумкин.

– Антенаси ва радиоси 100 метргача олиши мумкин, –дейди ёш ихтирочи Алмир Мухторов. – Буни мукаммаллаштириб тайёрламоқчиман. Келгусидаги режаларим робототехника ва IT соҳаларини яхшилаб ўзлаштириб, юртим ривожига ўз ҳиссамни қўшиш.

Ёшларимизнинг орзу ва интилишлари муносиб рағбатлантирилаётгани ҳам Алмир каби кўплаб ёшларга қанот бағишламоқда. Ажаб эмас, яқин йиллар ичида ўзбек-йигит қизларининг роботлари мураккаб юмушларимизни осонлаштиришга кенг йўл очса.
Зариф Комилов, ЎзА