Ёш дзюдочилар сараланмоқда
Наманганда дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди. Мусобақанинг биринчи кунида енгил вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш дзюдочилар иштирок этаётган мамлакат биринчилигида вазни -35 килограмм бўлган Давронбек Ўринов, -38 килограммда Маҳмуд Ахматов, -42 кг. вазнда Абдулатиф Бозорбоев олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, қизлар ўртасида Айдана Эшимбоева, Гулсанам Бўронова, Муштарийбегим Маҳмудова ҳамда Фарангиз Бахтиёрова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Айни дамга келиб, биринчи кун якунларига кўра, Сурхондарё вилояти вакиллари медаллар жамғариш бўйича энг юқори натижани қайд этди. Бугун, 16 сентябрь куни яна бир неча вазн тоифаларида мамлакат чемпионлари аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА