Ёш докторант Хитойда илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бормоқда
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик доирасида илм-фан, санъат,инновация ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
Хусусан, мамлакатимиз ёш олимлари ва тадқиқотчилари Хитойнинг илғор илмий марказлари ҳамда олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бормоқда.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти таянч докторанти Моҳинур Омонова ҳам халқаро илмий ҳамкорлик доирасида Хитойда илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бормоқда.

М.Омонова “Хитой ва хориж ҳамкорлигида докторантларни тайёрлаш” грант лойиҳаси доирасида Пекин университетида илмий стажировка ўтамоқда. Тадқиқот жараёнида Хитой музейларининг замонавий фаолияти, маданий меросни асраш, музей ишига инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро тажрибани ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.

Илмий сафар давомида докторантимиз Пекин миллий музейи, Пекин пойтахт музейи, Пекин санъат музейи, Шанхай музейи ва Хитой Миллий ипак музейи каби йирик маданий муассасалар фаолиятини ўрганиб, илмий тадқиқот учун амалий материаллар тўплади. Шунингдек, унга Пекин университетида ташкил этилаётган илмий тадбирларда иштирок этиш ва хорижий тадқиқотчилар билан тажриба алмашиш имконияти яратилди.
Мазкур стажировка музейшунослик ва маданий меросни асраш йўналишидаги илмий изланишларни янги амалий материаллар билан бойитиш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА