Ёмғир остида ўтган ўйиндан фоторепортаж
Похтахтимиздаги Миллий футбол марказида ўзбек футболи ривожига муносиб ҳисса қўшган таниқли спорт арбоби Мираброр Усмонов хотирасига бағишланган “Мираброр Усмонов кубоги – 2026” халқаро турнирининг иккинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Ёмғирли об-ҳавога қарамай, майдонда қизғин ва муросасиз кураш кечди. Ёш футболчилар ғалаба учун бор куч ва маҳоратини ишга солиб, мухлисларга ҳаяжонли лаҳзаларни тақдим этди.
Турнинг дастлабки учрашувида Россия ва Арманистон ёшлар терма жамоалари ўзаро куч синашди. Асосий вақт давомида ҳар икки жамоа ҳам рақиб дарвозасини ишғол эта олмади. Ғолибни аниқлаш учун белгиланган пенальтилар сериясида эса арманистонлик футболчилар аниқроқ ҳаракат қилиб, 5:3 ҳисобида устун келди. Учрашувнинг умумий натижаси — 0:0 (пенальтилар — 3:5).
Куннинг иккинчи беллашувида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ёшлар терма жамоалари майдонга тушди. Кескин ва муросасиз кечган баҳснинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида эса ҳамюртларимиз ўзларининг маҳорат ва руҳий устунлигини намоён этиб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
[gallery-31768]
Мазкур халқаро хотира турнири ёш футболчиларнинг маҳорат ва салоҳиятини намоён этиш, халқаро тажрибасини ошириш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги спорт алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
“Мираброр Усмонов кубоги – 2026” халқаро хотира турнири доирасидаги навбатдаги учрашувлар 6 октябрь куни бўлиб ўтади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА