Йўл посбонлари — кубок соҳиби
Жиззах вилоятининг ИИБ ходимлари ўртасида мини футбол бўйича вилоят бошлиғи кубоги учун мусобақаси юқори савияда ташкил этилди. Сўнгги йилларда соҳада жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Бўлим ва бўлинмалар жамоалари иштирок этган беллашувлар қизғин, муросасиз ва томошабоп руҳда кечди. Айниқса, финал ўйинлари иштирокчиларнинг тайёргарлиги ва ғалабага бўлган интилишини яққол намоён этди. Спорт нафақат саломатлик гарови, балки жамоавийлик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамловчи муҳим омил экани яна бир бор исботланди.

Якунловчи тақдирлаш маросимида вилоят ЙҲХБ бошлиғи подполковник Алимахаммат Сайдахматов сўзга чиқиб, ходимларнинг спортга бўлган қизиқиши хизмат самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Қизғин баҳслар якунига кўра, биринчи ўринни “Йўл посбонлари” жамоаси эгаллади. Иккинчи ўрин “Молиячи”, учинчи ўрин эса “Лочинлар” жамоасига насиб этди. Ғолиб ва совриндорларга диплом, медаллар, кубок ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, мусобақани холис бошқарган ҳакам ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Сабоҳат Давлатова, Жиззах вилояти ИИБ
Ахборот гуруҳи мутахассиси
ЎзА