«Йил ўқитувчиси» танлови ғолиблари аниқланди
Педагоглар ўртасида илк бор ўтказилган «Йил ўқитувчиси» танлови якунланди. Танлов натижаларига кўра, республикадаги 208 та туман ва шаҳар бўйича биринчи ўринни эгаллаган педагоглар аниқланди.
Мазкур танловда республика бўйича 46 мингдан ортиқ педагог иштирок этди. Касбий билим ва маҳоратини намоён этган иштирокчилар орасидан 208 нафар педагог ўз ҳудудида биринчи ўринни эгаллаб, танлов ғолибига айланди.
Ҳар бир туман ва шаҳар бўйича биринчи ўринни эгаллаган педагогга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 баравари, яъни 616 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилади.
Танлов педагогларнинг касбий салоҳиятини намоён этиш, уларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш ва меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилган. Шунингдек, унда ўқитувчиларнинг таълим жараёнидаги замонавий ёндашувлари, касбий маҳорати ва фаолияти натижаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бундай танловлар педагогларнинг касбий ривожланиши учун янги имкониятлар яратиш билан бирга, таълим соҳасида самарали тажрибаларни кенг оммалаштиришга ҳам хизмат қилади.
«Йил ўқитувчиси» танлови ғолибларининг тўлиқ рўйхати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг телеграм каналида эълон қилинган. Унда 208 та туман ва шаҳар бўйича биринчи ўринни эгаллаган педагоглар ҳақида маълумотлар келтирилган.
Н.Усмонова,
ЎзА