"Яшил макон" лойиҳасида экология ва тиббиёт уйғунлиги қандай таъминланмоқда?
Тошкентда навбатдаги кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари жадал олиб борилаётган шу кунларда бир муҳим савол долзарб аҳамият касб этмоқда. Экилаётган дарахтлар нафақат шаҳар қиёфасига, балки иқлимимиз ва инсон саломатлигига қанчалик мос келмоқда?
Маълумки, Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, пойтахтда юз минглаб турли манзарали дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Бироқ кўчатлар сонининг ортиши билан бир қаторда, уларнинг тури қандай мезонлар асосида танланаётгани ҳам ўта муҳимдир. Хусусан, Республика Аллергология маркази ва Халқаро молекуляр аллергология маркази тадқиқотларига кўра, аҳолида кучли поллиноз (гулчанг аллергияси) қўзғатувчи 20 турдаги аллергенли дарахтни шаҳар ичида экиш тавсия этилмаган.
Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизга Туркия, Италия, Испания ва бошқа давлатлардан турли манзарали дарахтлар (сарв, қарағай, кедр, эман ва ҳ.к.) олиб кирилмоқда. Аллерголог Акрам Суяровнинг таъкидлашича, хориждан келтирилган янги турларни экишдан мақсад фақат яшилликни кўпайтириш бўлиб қолмаслиги керак. Уларнинг гуллаш давридаги аллергенлик даражаси, албатта, баҳоланиши талаб этилади.
– Дарахтлар ва бошқа ўсимликларнинг гуллаш даврида ҳавога тарқаладиган гулчанглар айрим инсонларда кучли аллергик реакцияларни қўзғатиши мумкин, – дейди Акрам Суяров. – Булар орасида аллергик ринит, риноконъюнктивит, бронхларнинг юқори сезувчанлиги ва аллергик бронхиал астма каби касалликлар бор. Баъзи хорижий дарахтлар мамлакатимизда яқинда экила бошлангани сабабли, уларнинг аҳоли орасида қандай даражада касаллик қўзғатишини вақт ўтибгина биламиз. Шунинг учун кўчатларни тартибсиз ва ҳамма ҳудудга бир хил кўринишда эмас, балки мутахассислар тавсияси асосида экиш мақсадга мувофиқ.
Бу ёндашувни илмий кузатувлар ҳам тасдиқлайди. Тошкентга оид маълумотларда хориждан келтирилган айрим сарвдошлар турларининг гулчангига кучли сезувчанлик қайд этилган. Замонавий аллергологик диагностика адабиётларида қайин, эман, шумтол, зайтун, сарв ва чинор каби дарахтларнинг муҳим аллергенлари алоҳида кўрсатиб ўтилган. Хусусан, Аризона сарви (Cupressus arizonica) таркибидаги “Cup a 1” оқсили тиббиёт ва молекуляр аллергологияда асосий аллергия чақирувчи модда сифатида тавсифланади. Демак, шаҳарларни кўкаламзорлаштиришда дарахтнинг фақат сояси ва чиройига эмас, аллергологик хавфсизлигига ҳам жиддий қараш зарур.
Ботаник олима Атиргул Халмурзаева янги дарахтларни юртимизга мослаштиришда маҳаллий олимларнинг хулосаларига кўпроқ таяниш муҳимлигини таъкидлайди.
– Юртимизда азалдан ўсиб ётган маҳаллий чинорлар, ўзимизнинг эман ва каштанларни уруғидан кўпайтириб экиш энг тўғри йўлдир, – дейди Атиргул Халмурзаева. – Улар иқлимимизга тўлиқ кўниккан. Хориждан тайёр ва катта ҳолида келтирилган кўчатлар эса баъзида маҳаллий иқлим инжиқликларига дош беролмаяпти. Уларнинг айримлари жазирама қуёш ва қаттиқ совуқ таъсирида кучсизланиб, турли касаллик ва зараркунандаларга тез чалинувчан бўлиб қолиши кузатилмоқда.
Ботаникнинг фикрича, бизга биринчи навбатда қурғоқчиликка чидамли, тез ўсиб соя берадиган, фитонцидлар ажратиб ҳаводаги инфекцияларни ўлдирадиган дарахтлар керак. Бунда минтақавий хусусиятларни ҳисобга олиш шарт. Тошкент ёки Фарғона водийсида ўсган ўсимлик шўрхок, қурғоқчил Хоразм ёки Навоий иқлимига дош бермаслиги мумкин. Амалиётда эса тупроқ шароити ва сув таъминоти етарлича ўрганилмай қилинган ҳаракатлар ўз оқибатини кўрсатмоқда. Жорий йилда Тошкент шаҳрида нотўғри кўчириб ўтказилган 95 туп Элдор қарағайи ва 12 туп арчанинг қуриб қолгани (Экология вазирлиги маълумоти) бунинг яққол исботидир.
Кўкаламзорлаштириш тизимида маҳаллий флорани сиқиб чиқарувчи ва инфратузилмага зарар етказувчи инвазив дарахт турлари ҳам учрамоқда. Хусусан, буюк айлант, Америка заранги, мажнунтол ва оқ акация каби турларни пиёдалар йўлаклари ва марказий йўл бўйларига экиш тавсия этилмайди. Боиси, мажнунтол ҳаддан ташқари кўп сув талаб қилиб, ер ости коммуникацияларини вайрон қилса, айлант ва Америка зарангининг агрессив илдизлари йўлак ҳамда асфальт қопламаларини ёриб юбориши кузатилади. Шу боис мутахассислар бундай серхаражат ва “босқинчи” дарахтлар ўрнига иқлимга мос, сувни кам талаб қиладиган ва гипоаллерген турларни танлаш мақсадга мувофиқлигини уқтиришмоқда.
Худди шунингдек, павловния дарахти кислородни бошқа дарахтларга қараганда тўрт баробар кўп ажратса-да, жуда кўп сув талаб қилади ва кучли илдизи бинолар пойдеворига зарар етказиши мумкин. Шу боис уни тураржойлардан узоқроқда, кенг дала майдонларида етиштириш маъқул.
Очиқ маълумотларда 2025 йилда Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан Хитойдан 3 минг туп бруссонетия (қоғоз дарахти) кўчати олиб келингани қайд этилган. Ботаник Атиргул Халмурзаеванинг тушунтиришича, бу дарахт уруғи ва илдиз бачкилари (ўз-ўзидан ўсиб чиқадиган янги ёш ниҳоллар) орқали жуда фаол кўпаяди. Агар унинг битта кўчатини ковлаб олсангиз, қолган илдизларидан дарҳол янги бачкилар чиқади. Айнан шу кучли илдизи асфальтни кўтариб юбориши сабабли уни шаҳар кўчаларига экиш тавсия этилмайди. Бироқ бу дарахтнинг ёғочи саноат учун қимматлидир. Демак, уни айнан агентлик режалаштирганидек, кенг майдонлардаги ўрмон фонди ерларида етиштириш энг тўғри ва илмий асосланган ечим ҳисобланади.
Афсуски, пойтахтимизнинг марказий кўчаларида аҳоли саломатлигига таъсир қилувчи ўсимликлар ҳали ҳам талайгина. Амир Темур хиёбони, Мустақиллик шоҳкўчаси каби гавжум жойлардаги улкан чинор ва тераклар баҳор-ёз мавсумида ҳавога жуда катта миқдорда момиқ ва чанг ажратади. Тиббиёт амалиётига аллергияни аниқловчи замонавий ташхис усуллари жорий этилганига қарамай, беморлар статистикаси очиқланмаган ва аҳолини аллергик мавсумдан огоҳлантириш тизими ҳали тўлақонли шаклланмаган. ЖССТ маълумотига кўра эса, дунё аҳолисининг 35-40 фоизи аллергиядан азият чекади.
Қувонарлиси шуки, эски хатолардан тегишли хулосалар чиқарилиб, сўнгги вақтларда бу борадаги ҳукумат ёндашуви ижобий томонга ўзгармоқда. Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси бўлими бошлиғи Оловиддин Низамовнинг таъкидлашича, эндиликда янги экишлар учун манзилли дастур ишлаб чиқилмоқда.
– Агрономлар жойига чиқиб, тупроқ ва ҳудуд шароитини ўрганади ҳамда қайси жойга қандай дарахт экилиши шунга қараб белгиланади, – дейди Оловиддин Низамов. – Бунда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти олимларининг тавсияларига асосланилмоқда.
Албатта, шаҳар марказидаги мавжуд аллерген дарахтларни бутунлай кесиб ташлаш ечим эмас, уларнинг чанг ушлаш ва соя беришдаги ўрни беқиёс. Бироқ эндиликда экиладиган ҳар бир янги кўчат ботаник ва дендролог олимлар хулосаси билангина танланиши қатъий мезонга айланмоқда.
Янги тизимда дарахтни экиб, унутиб юбориш эмас, балки доимий назорат қилиш асосий ўрин тутади. Хусусан, Тошкентда экилган кўчатлар “Яшил макон” электрон тизимига киритилиб, уларнинг тури, жойлашуви, расми ва масъул ташкилотлари аниқ қайд этиб борилмоқда. Шунингдек, Президент қарорига мувофиқ, аэробиологик мониторинг тизими доирасида ҳаводаги гулчанглар концентрацияси бўйича маълумотлар “Ўзгидромет”га тақдим этилмоқда. Яшиллаштириш жараёнида маҳаллаларнинг масъулияти кучайтирилиб, “Яшил АИ” каби рақамли мониторинг механизмлари кенг жорий қилиняпти.
Шаҳарларимиз нафақат яшил, балки инсон саломатлиги учун чинакам хавфсиз маконга айланиши йўлида экологлар, ботаник олимлар ва тиббиёт ходимлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бугунги куннинг ҳаётий тақозосидир.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
ЎзА мухбири