“Яшил макон” лойиҳаси – янги давр тақозоси
Ер юзидаги жиддий экологик муаммо — иқлим ўзгариши дунёнинг барча мамлакатларини бу ҳақда чуқурроқ ўйлашга даъват этмоқда. Ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, 1970 йилдан буён дунёда ёввойи ҳайвон ва қушларнинг сони 3,43 минг турга, тирик сайёранинг индекси эса 52 фоиз қисқарган.
Ҳар йили 11 миллион гектар тропик ўрмон кесилмоқда. Йўқотишлар ўсимликлар дунёсини тиклаш ишларига нисбатан 10 баробар кўп. Ҳар куни атмосферага 60 миллион тоннага яқин карбонат ангидрид газларининг чиқарилиши дунё океанидаги сув сатҳининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Она табиатга зиён етказаётган бу каби аянчли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида юртимизда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси жорий этилган бўлиб, мазкур хайрли ташаббусда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳамда унинг таркибидаги Бурчмулла ва Оҳангарон давлат ўрмон хўжаликлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Бурчмулла ўрмон хўжалиги томонидан жорий йилнинг март ойида жами 28 минг тупдан зиёд манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари экилди.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим муассасаларига беғараз мақсадда жами 21 минг 539 дона манзарали ва мевали кўчат етказиб берилди. "Яшил макон" лойиҳасида фаол иштирок этиш орқали нафақат табиатни, балки ўз саломатлигимизни, қолаверса, келгуси авлодлар соғлигини ҳам сақлашга ҳисса қўшган бўламиз.

Олимларнинг таъкидлашича, яқин 25−30 йил ичида дунёда иқлим янада иссиқлашади ва об-ҳаво шароити кескинлашади. Бунинг олдини олиш мақсадида ерга қадалаётган кўчатлар эса мусаффо келажакни таъминловчи кичик қадамлар демакдир. Агар ҳар бир фуқаро ўзининг атроф-муҳит муҳофазасига нисбатан масъулиятини ҳис қилиб, умуммиллий лойиҳага ҳисса қўшса, ер юзидаги яшиллик дунёси янада гуллаб-яшнаши шубҳасиз.
А.Рустамов,
Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи
ўрмон хўжаликлари бўйича бош мутахассиси.
ЎзА