"Яшил макон" лойиҳаси шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда
Кўчат экиш шунчаки ташаббус ёки бир кунлик акция эмас. Унинг таг замирида инсон ва табиат ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш, келажак авлод олдидаги масъулиятни ҳис этиш каби юксак қадриятлар мужассам.
Бу — ҳавони мусаффо сақлаш, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, ер унумдорлигини асрашга қаратилган узоқ муддатли саъй-ҳаракатдир. Ҳар бир экилган кўчат ортида яшил макон яратиш, табиатни асраб-авайлаш ва инсон саломатлигини муҳофаза қилишга бўлган эзгу интилиш мужассам.

Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган ҳолда, бугунги кунда бутун мамлакат миқёсида кенг қулоч ёзмоқда. Лойиҳа доирасида ўтказилган навбатдаги кўчат экиш тадбирида Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берилиши эса бу ишларнинг тизимли ва илмий асосда олиб борилаётганини яна бир бор намоён этди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур ташаббус Сирдарё вилоятида ҳам катта кўтаринкилик билан қўллаб-қувватланмоқда. Видеоконференция шаклида бошланган тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Қўшоқов бошчилигида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар, нуронийлар фаол иштирок этишди. Жумладан, Гулистон шаҳрининг Боғи шамол маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Дўстлик” канали қирғоғидаги 5 гектар майдонда 2500 туп манзарали дарахт кўчатлари экилиб, янги яшил ҳудуд барпо этилди.
Тадбирда асосан чўлланиш жараёнларини камайтиришга хизмат қилувчи, сув танқислиги ва тупроқ шўрланишига чидамли, вилоят иқлим шароитига мос дарахт ва буталарни экишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса амалга оширилаётган ишлар фақатгина кўлам жиҳатидан эмас, балки сифат ва самарадорлик нуқтаи назаридан ҳам пухта ўйланганини кўрсатади.

Шу билан бирга, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида “Мен ҳам кўчат экаман” шиори остидаги акциялар изчил давом этмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида “Яшил боғлар”, “Яшил жамоат парклари”, шунингдек, илмий-амалий машғулотлар ўтказиш учун дендрология боғлари барпо этилмоқда. Аҳоли учун қулай шароит яратиш мақсадида пиёдалар ва велосипед йўлаклари бўйлаб дарахт ва манзарали ўсимликлар экилиб, “сояли сайр кўчалари” ташкил этилмоқда. Бу эса шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳолининг турмуш сифати ва экологик маданиятини оширишга хизмат қилади.
– Гулистон шаҳридаги “Боғи шамол” маҳалласида ўтказилган “Мен ҳам кўчат экаман” акциясида Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ходимлари ва аъзолари ҳам фаол иштирок этишди, – дейди уюшманинг масъул ходими Дилором Исмадиёрова. — Энг муҳими, бугун яхши ният билан ерга қадалган ҳар бир ниҳол эртага улкан дарахтга айланади. Унинг сояси, меваси одамларга манфаат келтиради. Шу боис бу хайрли ташаббусга ёш ижодкорлар, ОАВ вакиллари билан бир қаторда фахрий журналистлар ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Уюшманинг вилоят бўлими раиси, Меҳнат фахрийси Бойжигит Абдуллаевнинг таъкидлашича, бу каби ташаббуслар халқимиз онгу тафаккурида азалдан мавжуд бўлган қадриятларни янада мустаҳкамлайди:
– “Яхшидан боғ қолади”, “Бир кўчат — минг барака”, “Фарзанд кўрсанг, тўй қилсанг, дарахт эк” каби ҳикматли сўзлар бежиз айтилмаган. Бугун экологик муаммолар — ҳавонинг ифлосланиши, чанг ва чиқиндилар миқдорининг ортиши тобора долзарб масалага айланмоқда. Бунинг олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири — атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш. Шу орқали нафақат ҳудудимиз, балки бутун сайёрамизни асраб қолишга ҳисса қўшамиз.
Маълумки, яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатимизда яшил ҳудудлар улушини 30 фоизга етказиш, ҳар бир аҳоли жон бошига камида 10 квадрат метр яшил майдон тўғри келишини таъминлаш каби улкан мақсадлар белгиланди. Бу эса “Яшил макон” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар янада кенг кўлам олишини билдиради.
Шу мақсадда ҳудудларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда янги яшил ҳудудлар барпо этилиши режалаштирилган бўлса, Сирдарё вилоятида 84 километр узунликда “яшил девор” яратиш ишлари бошлаб юборилди. Айниқса, халқаро ва республика аҳамиятига эга автомобиль йўллари бўйларида иқлим ва тупроқ шароитига мос дарахт кўчатлари экиш орқали ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда кўчат экиш — оддий акция эмас, балки умуммиллий ҳаракатга айланган эзгу ғоядир. Унинг самараси эса йиллар ўтиб, соясида дам олинадиган боғлар, мусаффо ҳаво ва соғлом муҳит сифатида намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири