Ярим йилда аҳоли даромадлари 16,6 фоизга ошган
Бугун парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси кўриб чиқилмоқда.
Ҳукумат томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 8,5 фоизга ўсиб, 1 072,7 трлн. сўмга етган. Бунда бозор хизматлари 16,9 фоизга, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 8 фоизга, қурилиш ишлари 13,8 фоиз ва қишлоқ хўжалиги 4,7 фоизга ўсган.
Йил бошига нисбатан инфлация даражаси 3,3 фоизни (2025 йилда 4,2 фоиз) ташкил қилмоқда. Аҳоли даромадлари 16,6 фоизга ошган.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 207,4 трлн. сўмни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 63,2 трлн. сўмга кўп. Давлат бюджетининг харажатлари эса (давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилган трансфертлар билан бирга) 205,6 трлн. сўмни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 32,3 трлн. сўмга ёки 18,6 фоизга ўсган.
Жумладан, биринчи ярим йилликда ижтимоий харажатлар учун Давлат бюджетидан 105,8 трлн. сўм ёки 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 трлн. сўмга ёки 8,7 фоиз кўп маблағ ажратилган. Хусусан, таълим тизимига ажратилаётган маблағ миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 трлн сўмга ёки 12,4 фоизга ошиб, 49,5 трлн. сўмни ташкил этди. Харажатларнинг 68,7 фоизи умумий таълимга, 18,6 фоизи мактабгача таълимга ва 12,7 фоизи эса кадрлар тайёрлашга йўналтирилган.
М.Комилова, ЎзА