Яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва шахсий интилишнинг уйғунлашган самараси
Бугун мамлакатимизда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ўқитувчининг жамиятдаги мақоми ва обрўсини юксалтириш, унинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш ҳамда касбий ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, педагогларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ўз билим ва салоҳиятини намоён этишга интилаётган устозлар учун янги уфқларни очмоқда. Бухоро шаҳридаги 30-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Олима Имомованинг қисқа муддатда эришган натижалари ана шу имкониятларнинг ҳаётий ифодасидир.
Устозлик — шунчаки касб эмас. У катта масъулият, сабр-тоқат, доимий изланиш ва ўз устида тинимсиз ишлашни талаб этадиган шарафли фаолиятдир. Айниқса, бошланғич синф ўқитувчиси зиммасидаги вазифа янада муҳим. Чунки боланинг илк билимлари, китобга меҳри, мустақил фикрлаши, дунёқараши ва келажакдаги интилишларига айнан шу босқичда пойдевор қўйилади.
Шундай экан, бугун мактаб остонасидан илк бор қадам қўйган болажонларга сабоқ бераётган ёш педагогнинг ҳар бир ютуғи замирида нафақат шахсий муваффақият, балки келажак авлод камолотига қўшилаётган ҳисса ҳам мужассам.
Олима Имомова ҳам педагогик фаолиятини бошлаган илк кунлариданоқ бу масъулиятни чуқур ҳис этди. У учун ўқитувчилик фақат дарс ўтиш, берилган вазифаларни бажариш билан чекланиб қолмаслиги керак эди. Замонавий педагог доимо ўрганиши, янгиликка интилиши, билим ва маҳоратини мунтазам ошириб бориши зарурлигини яхши англади.
Шу боис у ўз олдига аниқ мақсад қўйди: танлаган касбининг ҳақиқий эгаси бўлиш, ўқувчиларига пухта билим бериш билан бирга, ўз малакасини ҳам изчил юксалтириш.
Бу йўлдаги дастлабки қадамлар осон кечмади, албатта. Дарс машғулотларига тайёргарлик, ўқувчилар билан ишлаш, янги педагогик ёндашувларни ўзлаштириш, қолаверса, турли синов ва имтиҳонларга тайёргарлик кўриш катта меҳнат ва вақт талаб этади. Бироқ мақсад сари қатъият билан интилган инсон учун қийинчиликлар тўсиқ эмас, аксинча, тажриба мактабига айланади.
Натижада, атиги уч йиллик педагогик фаолияти давомида Олима Имомова фан сертификатини қўлга киритди. Аттестация синовларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, оддий ўқитувчиликдан олий малака тоифасигача бўлган масъулиятли йўлни босиб ўтди.
Бу рақамлар ортида қанчадан-қанча изланиш, китоб мутолааси, ўз устида ишлаш ва касбига садоқат мужассам. Энг муҳими, ёш муаллима эришган натижалар тасодифий омад эмас, балки яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва шахсий интилишнинг уйғунлашган самарасидир.
Бугун унинг ойлик даромади 1000 АҚШ долларига етгани ҳам алоҳида эътиборга молик. Бу ҳолат педагог меҳнатининг қадри ортиб бораётгани, билим ва малака иқтисодий жиҳатдан ҳам муносиб баҳоланаётганининг яққол мисолидир.
Аслида, таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг энг муҳим мезони ҳам шу — ўқитувчи ўз касбий маҳоратини оширишдан манфаатдор бўлиши, изланиши ва эришган натижасига яраша рағбат олиши керак. Чунки меҳнати қадрланган, ўз келажагига ишонган педагоггина бор билими, тажрибаси ва салоҳиятини ёш авлод тарбиясига бағишлайди.
Президентимиз томонидан илгари сурилаётган таълим сифатини ошириш, педагогларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларнинг моҳияти ҳам шунда намоён бўлади. Яъни ўқитувчига яратилган шароит, берилган имконият ва муносиб рағбат охир-оқибат мактабдаги таълим сифати, ўқувчиларнинг билими ва жамиятнинг интеллектуал салоҳиятида ўз ифодасини топади.

Олима Имомованинг мисолида яна бир муҳим жиҳат кўзга ташланади: бугун педагогик фаолиятда юқори натижага эришиш учун йиллар давомида кутиш шарт эмас. Бунинг учун аниқ мақсад, мустаҳкам ирода, мунтазам изланиш ва яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш зарур. Албатта, уч йилда эришилган натижа унинг олдида янада катта вазифалар ва янги марралар турганини ҳам англатади.
Зеро, ҳақиқий устознинг ютуғи фақат малака тоифаси ёки ойлик маош билан ўлчанмайди. Унинг энг катта бойлиги — шогирдларининг билими, мустақил фикри, ҳаётда ўз ўрнини топаётгани ва устози берган сабоқларни қадрлашидир.
Бугун Олима Имомова эришган натижалар бир ёш муаллимнинг шахсий муваффақияти сифатида эътиборга лойиқ. Айни пайтда, бу каби мисоллар таълим соҳасидаги ислоҳотлар инсон тақдирида, унинг касбий ўсиши ва ҳаёт фаровонлигида қандай намоён бўлаётганини ҳам кўрсатади.
Энг муҳими, мактаб остонасида турган ҳар бир ёш педагог ўз олдига катта мақсадлар қўйиши, меҳнати ва билими билан юксак натижаларга эришиши мумкинлигини англайди. Бундай ишонч эса нафақат ўқитувчининг, балки бутун таълим тизимининг эртанги кунига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири