Янгиланаётган Урганч халқаро аэропорти қандай имкониятларга эга бўлади?
Хоразм диёри юртимизнинг энг қадимий, тарихий, ўзига хос анъана ва урф-одатларига эга, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб этадиган ҳудудлардан биридир. Бугунги кунда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётган бир пайтда вилоятнинг мавжуд туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш долзарб масалалардандир. Айниқса, Хива каби очиқ осмон остидаги музей шаҳар ва бошқа тарихий манзилгоҳларга дунё сайёҳларини янада кенг жалб этиш, бунинг учун эса замонавий шароитлар, халқаро стандартларга жавоб берадиган транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Бу борада Урганч халқаро аэропорти Хоразм вилоятининг асосий ҳаво дарвозаси сифатида вилоятга ташриф буюрувчиларнинг диққат эътиборидаги муҳим объект ҳисобланади. 1960 йилда ишга тушган Урганч аэропорти 1999 йилда халқаро мақомга эга бўлган, 2014 йилда модернизация қилинган. Аэропорт Урганч марказидан 3 км ва Хивадан тахминан 30 км узоқликда жойлашган.
Бугунги кунда Урганч халқаро аэропортида кенг кўламли модернизация лойиҳаси амалга оширилмоқда. “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти (АЖ) томонидан бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Урганч халқаро аэропортига пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар янги лойиҳа, унинг имкониятлари, келгусида кутилаётган натижалар билан яқиндан танишдилар.
Тур давомида матбуот анжумани ўтказилиб, янги лойиҳа ҳақида батафсил маълумотлар берилди ва ОАВ вакилларининг саволларига жавоблар қайтарилди.

— Урганч халқаро аэропортида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида янги йўловчи терминалини қуриш, аэродром ва тегишли инфратузилмани ривожлантириш, юк комплексини яратиш ва йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг замонавий технологияларини жорий этиш назарда тутилган, — деди Урганч халқаро аэропорти директори Ойбек Маткаримов. — Жанубий Кореянинг “Incheon International Airport Corporation” компанияси иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳа 2028 йил охиригача якунланиши режалаштирилган.

Бугунги кунда аэропорт ҳудуди 294 гектарни, мавжуд йўловчи терминалининг майдони тахминан 9,2 минг квадрат метрни ташкил этади. Аэропортимизнинг йиллик ўтказиш қобилияти тахминан 1,2 миллион йўловчини ташкил қилади. Мавжуд перрон 6 та самолёт тўхташ жойига мўлжалланган.
Янги лойиҳа амалга оширилиши натижасида эса 39 минг квадрат метр майдонга эга янги йўловчи терминали барпо бўлади, бу 9,2 минг квадрат метрли мавжуд терминалдан тўрт баравар кўп, дегани. У ерда замонавий шароитлар, ногиронлиги бор йўловчилар учун ҳам қулайликлар яратилади. Тижорат майдонлари 322 квадрат метрдан 4 минг 555 квадрат метрга кўпаяди. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш терминалининг ўтказувчанлик қобилияти соатига 300 дан 1 минг 300 йўловчига, йиллик ўтказувчанлик қобилияти эса 1,2 миллиондан 3,5 миллионга етказилади.

Шунингдек, ҳаво кемалари тўхташ жойлари сонини 6 тадан 18 тагача, юриш йўлаклари сонини эса 4 тагача ошириш назарда тутилган. Ёруғлик сигнализацияси ускуналари янгиланади, — деди Урганч халқаро аэропорти директори.
Қайд этилганидек, янги терминалда халқаро ва ички йўловчилар оқими юкламага қараб мослашувчан бошқариш имконияти билан ажратилади. Йўловчилар, ВИП меҳмонлар ва аэропорт ходимлари учун алоҳида йўналишлар ташкил этилади. Юк билан ишлаш тизими терминалнинг биринчи қаватида жойлаштирилади. Лойиҳада рўйхатга олиш ва кўздан кечириш, багажни топшириш ва қайта ишлаш учун замонавий зоналар, ВИП ва ЧИП заллар, савдо майдонлари, умумий овқатланиш корхоналари, 1000 ўринли автотураргоҳ, махсус транспорт мажмуаси ва бошқа йўловчи хизматлари кўзда тутилган.

Янги аэропортнинг меъморий концепцияси эса замонавий ечимлар ва Хоразм меъморчилиги, тарихи, анъаналари билан бирлаштирилган ҳолда яратилади.
Янги юк мажмуаси кунига 10 тоннага яқин юкни қайта ишлашга мўлжалланган. Шунингдек, лойиҳада майдони 1 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган техник хизмат кўрсатиш маркази, қарийб 900 квадрат метрли қор тозалаш техникаси учун иситиладиган гараж, махсус транспорт воситаларини ювиш объектлари назарда тутилган.
Матбуот анжуманида журналистлар лойиҳа қиймати, уни амалга ошираётган “Incheon International Airport Corporation” компаниясининг амалда қандай йирик лойиҳалари борлиги билан қизиқдилар.
Бунга жавобан қайд этилдики, Жанубий Кореянинг “Incheon International Airport Corporation” компанияси мазкур лойиҳа бўйича ўтказилган халқаро тендерда ғолиб деб топилди. 2025 йил 12 ноябрда тендер ғолиби сифатида “ICN-URGENCH AIRPORT SERVICES” махсус лойиҳа компанияси ташкил этилди. 2025 йил 26 декабрда “Uzbekistan Airports” АЖ, Урганч халқаро аэропорти ва “ICN-URGENCH AIRPORT SERVICES” ўртасида Урганч халқаро аеропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 242 миллион долларга баҳоланиб, шундан 134 миллион доллари хусусий шерик, 108 миллион доллари давлат шериги объектларига тўғри келади.
Шу йил июнь ойида хусусий шерик асосий қурилиш ишлари даврида йўловчиларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун зарур бўлган вақтинчалик учиб келиш терминали қурилишини бошлади. Августда вақтинчалик терминал фойдаланиш учун Урганч халқаро аэропортига топширилди.

Бугунги кунда давлат ва хусусий шериклар лойиҳа ва қидирув ишларини олиб бормоқда: қурилиш чизмалари ва техник ечимлар ишлаб чиқилмоқда, материаллар рўйхати белгиланмоқда, қурилиш учун зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда, белгиланган майдонни текислаш ва қурилишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
ОАВ вакиллари Урганч халқаро аэропорти заллари билан танишиб, янги лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудни ҳам кўздан кечирдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА